date

Тўқаев минтақавий бирдамлик ва стратегик ҳамкорликни қўллаб-қувватлади

Тўқаев минтақавий бирдамлик ва стратегик ҳамкорликни қўллаб-қувватлади

Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви минтақадаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири сифатида қайд этилди. Анжуман доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев нутқ сўзлаб, бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Президент Тўқаев аввало Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кўтарилган масалаларга тўлиқ қўшилишини таъкидлади. Унинг фикрича, бугунги кескин геосиёсий шароитда Марказий Осиё мамлакатлари учун ўта муҳим тарихий фурсат шаклланган — минтақа Евросиё миқёсидаги энг йирик транспорт-логистика марказларидан бирига айланиши мумкин.

— Жаҳон сиёсатидаги ўзгаришлар фонида мамлакатларимиз олдида ноёб имконият пайдо бўлмоқда. Биз бу имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз лозим, — деди Тўқаев.

Самарқанддаги ЮНЕСКО форумига баланд баҳо

Қозоғистон раҳбари нутқ давомида Самарқандда юқори савияда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясига ҳам алоҳида тўхталиб, Шавкат Мирзиёевни ушбу нуфузли тадбирни муваффақиятли ташкил этгани муносабати билан табриклади.

— Бу жуда муҳим ва катта сиёсий-илмий аҳамиятга эга форум бўлди, — деди у.

Ислом цивилизацияси маркази — умумий илмий майдон

Тўқаев Тошкентда яқинда очилган Ислом цивилизацияси марказига юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа фақат диний-маърифий эмас, балки илмий, маданий ва сайёҳлик нуқтаи назаридан ҳам улкан аҳамиятга эга.

— Ўзбекистон президенти айтганидек, Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги умумий илмий изланишлар ва ҳамкорлик учун ягона платформага айланиши мумкин. Бу ғояни тўла қўллаб-қувватлайман, — деди Қозоғистон раҳбари.

Интеграцион жараёнларни чуқурлаштиришга тайёрлик

Президент Тўқаев Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган институционал таклифларни ҳам маъқуллади. Унинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари мазкур таклифларни ишчи тартибда пухта муҳокама қилиб, кейинчалик қонунчилик ёки шартномавий асосда тасдиқлаши мумкин.

— Форматимизни янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар бор. Биз биргаликда ҳаракат қилсак, натижа узоқ куттирмайди, — деди у.

Президент Мирзиёевга миннатдорчилик

Нутқи якунида Тўқаев саммит юқори даражада ташкил этилгани учун Ўзбекистон раҳбарига алоҳида миннатдорчилик билдирди:

— Шавкат Миромонович, саммит учун яратилган шароит ва самимий меҳмондўстлик учун яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман, — дея таъкидлади Қозоғистон президенти.

Марказий Осиёдаги интеграция, сиёсий мулоқот ва стратегик шериклик янада кучайиши учун бундай учрашувлар улкан аҳамият касб этади. Тошкент саммити эса бу жараёнда янги босқични белгилаб берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тўқаев минтақавий бирдамлик ва стратегик ҳамкорликни қўллаб-қувватлади