date

Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё раҳбарлари учрашувидаги муҳим ташаббуслари...

Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё раҳбарлари учрашувидаги муҳим ташаббуслари...

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти қатор асосий фикр ва ташаббуслар билан чиқди.

Бугунги саммит тарихий бўлди: Маслаҳат учрашувлари форматига Озарбайжон Республикасининг тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилишини давлат раҳбарлари бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу қадам ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришини таъкидлади.

Президентимиз ўз нутқида минтақани янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди:

1. Минтақавий интеграциянинг янги босқичи.

Қисқа вақт ичида Марказий Осиё мулоқотнинг маслаҳат шаклидан чинакам ҳамкорлик босқичига ўтди: ҳудудий масалалар тартибга солинди, чегаралар очилди, энергетика, транспорт ва савдо соҳаларида ҳамкорлик ўрнатилди. Ўзаро савдо 10,7 миллиард долларга етиб, инвестициялар 17 фоизга ўсди.

2. Институционал архитектурани мустаҳкамлаш.

Учрашувлар форматини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик платформасига айлантириш, Котибиятни таъсис этиш, Оқсоқоллар кенгашини тузиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини кўтариш таклиф этилди.

3. Иқтисодиёт ва инвестициялар.

Минтақа давлатлари ўзаро савдо ҳажмини 1,5–2 баравар ошириш имкониятига эга. Президент қуйидагиларни таклиф қилди:

– 2035 йилгача бўлган Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг минтақавий дастурини қабул қилиш;

– Ягона инвестиция макони тўғрисидаги Декларацияни ишлаб чиқиш;

– электрон тижоратни биргаликда ривожлантиришни илгари суриш.

4. Инфратузилма ва транспорт.

Ўзбекистон "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли, Трансафғон йўлаги ва Транскаспий йўналишларини кенгайтириш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда минтақа давлатларини биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Инфратузилмани ривожлантириш бўйича Кенгашни тузиш таклиф қилинди.

5. Хавфсизлик ва Афғонистон.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик консепцияси ва Таҳдидлар ва хавфлар каталоги тасдиқлаш учун тақдим этилди. Президент Афғонистонни минтақавий энергетика ва транспорт лойиҳаларига интеграцияси муҳимлигини таъкидлади ҳамда “Фарғона тинчлик форуми”ни мунтазам ўтказиладиган халқаро анжуманга айлантиришни таклиф қилди.

6. Иқлим ва сув.

Ўзбекистон 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилишни деб эълон қилишни, шунингдек, Сув хўжалиги соҳасида компетенсиялар минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди.

7. Гуманитар соҳа.

Илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш қўллаб-қувватланди. Президент ҳар йили маънавий мерос ва маърифатпарварлик ғояларига бағишланган Халқаро конгрессни ўтказишни, Минтақавий илмий тадқиқотлар жамғармасини тузиш ҳамда минтақамиз олим ва мутафаккирларининг глобал ривожланишга қўшган ҳиссасига бағишланган БМТнинг махсус резолюциясини илгари суришни таклиф қилди.

Президентимиз нутқини асосий фикр билан якунлади: "Бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда".

Ўзбекистон Туркманистонни янги – “Марказий Осиё ва Озарбайжон” форматида ўтадиган давлатлар раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади ва бўлажак мезбонлик қилиш давридаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё раҳбарлари учрашувидаги муҳим ташаббуслари...