
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакатдаги уй-жой бозорининг октябр ойига оид сўнгги таҳлилини эълон қилди. Маълумотлар шундан далолат бермоқдаки, рўйхатга олинган олди-сотди битимлари кескин кўпайиб, секторда сўнгги бир ярим йилда кузатилмаган даражада жонланиш қайд этилди.
Октябр ойи якунига кўра, уй-жой савдоси бир ой ичида 12 фоизга ошиб, 27,1 мингта битимга етди. Бу кўрсаткич 2023 йил августидан бери кузатилган энг фаол давр сифатида қайд этилди. Бозордаги ўсиш мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида сезилди. Айниқса, Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида битимлар сони ўртача 26 фоизга ошгани, бозордаги талаб кескин кучайганидан далолат берди.
Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ўсиш бироз мўътадил кечиб, мос равишда 2 ва 4 фоиз атрофида шаклланди. Аммо барча савдолар орасида энг катта улуш яна пойтахт ҳиссасига тўғри келди — республика бўйича умумий битимларнинг тахминан 30 фоизи айнан шу ерда амалга оширилди. Октябрда Тошкентда савдо ҳажми ойлик ҳисобда 5,3 фоиз, йиллик ҳисобда эса 32 фоизга ўсди.
Иккиламчи уй-жой бозорида ҳам ўзгаришлар катта бўлди. Нархлар сентябр ойига нисбатан анча тез суръатда кўтарилиб, бир ой ичида ўртача 2,4 фоизга ошди. Бир йил давомида эса нархлар 7,4 фоизга қимматлашгани кузатилди. Энг жадал ўсиш Сурхондарё ва Наманган вилоятларида қайд этилган — бу ерларда уй-жой нархлари ўртача 20 фоизга кўтарилган.
Пойтахтда иккиламчи бозордаги нархлар бир ойда деярли ўзгармасдан қолди — ўсиш 0,7 фоиз атрофида бўлди. Бироқ йиллик динамика манфий қайд этилди: ўтган йил октябрига нисбатан нархлар 1 фоизга пасайган. Энг сезиларли тушиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида рўй бериб, бу ҳудудларда ўртача 5 фоизлик пасайиш кузатилган.
Бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча, нархлар муттасил кўтарилмоқда. Октябрда 1 квадрат метр учун ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошди. Энг тез ўсиш Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, бу туманларда нархлар ўртача 5,5 фоизга кўтарилган.
Тошкентда ижара бозорида ҳам мувозанат сақланмоқда. Октябр ойида 1 квадрат метр учун ўртача ижара тўлови 8,5 доллар атрофида барқарор ҳолда қолди. Энг юқори ижара ставкалари Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланиб, бу ҳудудларда квадрат метр учун ўртача нарх 10,2 долларга яқинлашди.
Маълумотга кўра, бир йил давомида пойтахтда ижара нархлари ўртача 1,6 фоизга ошган. Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманлари бу борада етакчилик қилмоқда — ушбу ҳудудларда ижара ҳақлари ўртача 9 фоизга кўтарилган.
Уй-жой бозоридаги ушбу динамика ички талаб янада фаоллашаётганидан хабар бериб, кейинги ойларда ҳам сектордаги ўзгаришлар давом этишини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.