10:22 / 21.01.2017
7 651

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда "ЎзА"га таяниб "Кун.уз" хабар қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлагани муҳим аҳамиятга эга. Бу албатта давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат беради.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида: “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!”, деб таъкидлаган эди. Шу билан бирга, ушбу минтақада яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб, жумладан: “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз”, деган эди.

Айтиш мумкинки, Қорақалпоғистон Республикасига бугунги ташриф ана шундай эзгу мақсадларнинг, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифаларнинг яна бир амалий ижроси сифатида намоён бўлди.

Маълумки, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб ярми, ҳудудий экспортнинг 75 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда бу ҳудуднинг мураккаб шароити, Орол денгизи билан боғлиқ минтақада юзага келган экологик офат аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтларига эътибор қаратиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган амалий ишларни талаб этмоқда.

Ана шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташриф давомида оддий одамлар билан учрашди, оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди. Халқ билан самимий мулоқотлар бўлиб ўтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрди