
Ўзбекистонда коррупция ҳақида маълумот берган фуқароларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Президент раислигида ўтган йиғилишда коррупцияга қарши сиёсатни кучайтиришга қаратилган янги механизмлар бўйича таклифлар тақдим этилди.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда коррупцион ҳолатлар ҳақида 31 нафар фуқаро хабар берган. Қонунчиликда рағбатлантирувчи пул мукофотлари белгиланган бўлса-да, амалдаги тартибда уларга асосан фақат миннатдорчилик мактублари топширилган. Сўров натижалари аҳолининг қарийб 30 фоизи етарли ҳимоя кафолатлари йўқлиги сабабли бундай ҳолатлар ҳақида билдиришдан чўчишини кўрсатмоқда. Шу боис, хабар берувчиларни ҳимоялаш мақсадида уларга махсус ордерлар жорий этиш таклиф қилинди.
Йиғилиш давомида юқори даражада бюрократик бўлган ва тўлиқ рақамлаштирилмаган соҳаларда коррупция хавфини аниқлаш учун лойиҳа офисларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Ушбу тузилмалар фаолияти бўйича натижалар мунтазам равишда жамоатчиликка етказиб борилади.
Шу билан бирга, инвестиция дастурларини мониторинг қилиш, қурилиш жараёнларини жойида назорат қилиш каби жараёнларда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш таклиф этилди. Фуқароларнинг фаоллигини рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссаси учун” махсус мукофот нишони таъсис этилиши режалаштирилган.
Мажлисда солиқ бошқарувини рақамлаштириш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Президент ҚҚС ҳисоб-китобларини тўлиқ автоматлаштирилган тизимга ўтказиш жараёнини тезлаштириш ва инсон омили сабаб юзага келадиган хатоларни кескин камайтиришни топширди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.