
Фарғона вилоятида суд бошқарувчисининг ёрдамчиси пора билан боғлиқ ҳолатда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Қайд этилишича, воқеа Бешариқ туманида содир бўлган. Ёрдамчи фаолияти вақтинча тўхтатилган, минерал ўғитларни улгуржи сотиш билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш кооперативига бириктирилган.
Тергов маълумотига кўра, у 1,502 миллиард сўмлик умумий қарздорликдан 300 миллион сўмини ундириб беришда “кўмаклашиш” эвазига 4 минг доллар талаб қилган. Ушбу маблағ минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖдан кооператив фойдасига ундирилиши керак бўлган.
ДХХ ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда гумонланувчи 48 миллион сўмни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.