15:38 / 27.02.2017
7 449

Мажбурий жамоат ишлари жиноий жазолар тизимига киритилади

Мажбурий жамоат ишлари жиноий жазолар тизимига киритилади

Ўзбекистонда жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари» киритилади. Бу ҳақда 24 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қайд этиб ўтилганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида мавжуд бўлган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

«Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни таъминлаш мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари»нинг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, дастлабки тергов, шунингдек фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилмоқда», дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Мамажонов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддатини 72 соатдан 48 соатгача қисқартириш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларига мутаносиб равишда дастлабки тергов муддатларининг энг кўп муддатини 1 йилдан 7 ойгача камайтириш белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мажбурий жамоат ишлари жиноий жазолар тизимига киритилади