Элчихонадан янги огоҳлантириш: Исроил–Миср чегараси бўйича маълумотлар берилди

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси навбатдаги расмий огоҳлантириш билан чиқди.
Элчихона маълумотига кўра, Исроил ва Миср ўртасида жойлашган «Бегин» («Таба») чегара ўтиш пункти ҳозирда 24 соатлик иш режимида фаолият кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, амалдаги ва ҳақиқий ҳужжатларга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун Синай яримороли ҳудудига киришда виза талаб қилинмайди.
Шу билан бирга, чегарадан ўтиш жараёнида ортиқча навбатлар ва кечикишларнинг олдини олиш мақсадида чегара йиғимларини олдиндан онлайн тарзда тўлаб қўйиш қатъий тавсия этилган.
Элчихона ахборотига кўра, хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабабли қолган қуруқликдаги чегара ўтиш пунктларидан фойдаланиш айни пайтда мақбул деб ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, Исроил–Миср чегарасидаги ўтиш пунктлари иш тартибида қисқа муддат ичида ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шу боис, фуқароларга сафарни режалаштиришдан олдин энг сўнгги ва долзарб маълумотларни расмий манбалар орқали яна бир бор аниқлаб олиш тавсия қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!