Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги юқори экани маълум бўлди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда никоҳ институтларининг барқарорлиги юқори кўрсаткичда сақланиб қолаётгани қайд этилди. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатда никоҳ барқарорлиги коэффициенти 175,6 промиллени ташкил этган.
Бу рақам шунга ишора қиладики, ҳар 1000 та тузилган никоҳга ўртача 175 та ажрим тўғри келади. Мутахассислар таъкидлашича, мазкур кўрсаткич халқаро миқёсда паст ҳисобланиб, Ўзбекистонда оилавий муносабатлар нисбатан мустаҳкам эканини кўрсатади.
Таққослаш учун келтирилган маълумотларда баъзи қўшни ва МДҲ давлатларида ажримлар даражаси анча юқори экани акс этган. Жумладан, Молдовада (642,7), Озарбайжонда (431,9), Қозоғистонда (328,2), Қирғизистонда эса 289,6 промилле кўрсаткич қайд этилган. Бу ҳолат Ўзбекистонда оилавий муносабатлар барқарорлиги нисбатан юқорироқ эканини тасдиқлайди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида никоҳлар барқарорлиги юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу ҳудудларда ажримлар сони бошқа минтақа ва шаҳарларга нисбатан камроқ экани кузатилади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар даражаси нисбатан юқорироқ экани қайд этилган. Мутахассислар бу ҳолатни шаҳарлашув жараёнлари, ижтимоий босим ва турмуш тарзидаги ўзгаришлар билан изоҳлашмоқда.
“Таҳлиллардан кўринадики, мамлакатимизда ажримлар даражаси кўплаб давлатларга нисбатан паст бўлиб, бу жамиятда оилавий қадриятлар ҳали ҳам устувор эканини англатади”, дейилади институт хабарида.
Умуман олганда, статистик маълумотлар Ўзбекистонда никоҳ институти ҳали ҳам барқарор ижтимоий тузилма сифатида сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!