12:57 / 12.04.2017
7 691

Наманган шаҳрида марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди

Наманган шаҳрида марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди
Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2744- сонли қарори ижросини таъминлаш масаласи муҳокама этилди. Бу ҳақда Namnews.uz хабар берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақиллигимизни қўлга киритишдаги, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти асосларини яратишдаги, барча соҳаларда туб ислоҳотларни амалга оширишдаги, миллий қадриятларимизни тиклашдаги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги, хусусан, Намаганни энг замонавий шаҳарга айлантириш, уни ободонлаштириш, инфратузилмасини ривожлантириш, саноат салоҳиятини юксалтиришдаги буюк хизматлари, айниқса, Юртбошимизнинг “Мен Наманган аҳлининг меҳнат шижоатига доимо чуқур ҳурмат билан қарайман” деган сўзлари барчани юксак марралар сари илҳомлантириб келаётганлиги таъкидланди.

Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорини наманганликлар ҳам катта мамнуният билан кутиб олдилар. Айниқса, ушбу қарорда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номини бериш ҳақидаги таклифни каттаю - кичик барча якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида ушбу таклиф атрофлича ўрганиб чиқилди. Жамоатчилик вакиллари, турли касб эгалари Наманган шаҳрининг “Дўстлик” шоҳ кўчасини Ислом Каримов номи билан аташ юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Депутатлардан Феруза Жалолова, Илҳом Отабоев, Қосим Тўрахонов, Авазхон Иномовлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг буюк хизматларини эътироф этган ҳолда Наманган шаҳридаги “Дўстлик” шоҳ кўчасига Ислом Каримов номини бериш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.

Сессияда Наманган шаҳрининг “Дўстлик” шоҳ кўчасига Ислом Каримов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни кунларда кўчанинг номини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Наманган шаҳрида марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди