Ўзбекистон ОТМларига қабул квотаси 2021 йилгача 18 фоизга оширилади

  • 21 апрель 2017, 13:59
  • 4 167
  • Ўзбекистон
  • Ўзбекистон ОТМларига қабул квотаси 2021 йилгача 18 фоизга оширилади
    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА эълон қилди, деб ёзади Дарё нашри.

    Қарорга келтирилган шарҳда айтилишича, мустақиллик йилларида иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида катта ишлар қилинди.

    «Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги мавжуд ҳолатни ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият ҳануз паст даражада қолмоқда, таълим жараёнининг ўқув-методик ва ахборот таъминоти замонавий талабларга мос эмас, моддий-техник база тизимли равишда янгиланишга муҳтож. Олий таълим тизимида ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш, етакчи хорижий турдош илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти», — дейилади унда.

    Қабул қилинган қарорда олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгиланди. Улар орасида ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш каби бандлар мавжуд.

    Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

    Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади.

    «Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакат Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди», — дейилади ҳужжат шарҳида. Булар:

    олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутадиган 2017—2021 йилларга мўлжалланган параметр ва кўрсаткичлари;

    ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, ахборот-ресурс марказлари ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан янги ўқув ўринларини ташкил этиш, янги ўқув-лаборатория комплексларини сотиб олиш, аудиторияларни компутер техникаси билан жиҳозлаш;

    профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши, ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Ўзбекистон ОТМларига қабул квотаси 2021 йилгача 18 фоизга оширилади