11:32 / 26.04.2017
7 362

Мирзиёев кўпқаватли уйларни тартибга келтиришни буюрди

Мирзиёев кўпқаватли уйларни тартибга келтиришни буюрди
Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги дастурини амалга оширишга 1,8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати хабар қилмоқда.

Кўп хонадонли уй-жой фонди таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш дастурини амалга ошириш учун 1,8 триллион сум маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Қарорда, аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, кўп хонадонли уй-жой фондининг уй ичидаги муҳандислик коммуникациялар ва умумий фойдаланиладиган жойларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни болалар ва спорт майдончалари ташкил этган ҳолда, ободонлаштиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Дастурни молиялаштириш манбалари хусусий уй-жой мулкдорларининг ўз маблағлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган. Республикада илк бор уй-жой коммунал соҳасига қарашли ташкилотларни молиялаштиришни таъминлаш учун "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки ваколатли банк этиб белгиланди. Тижорат банкларига "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" ДУК ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган ставка бўйича 5 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан тавсиялар берилди. Ушбу молиявий механизмни яратиш бўйича давлат раҳбарининг топшириқлари алоҳида эътиборга сазовордир.

Яна бир жуда муҳим бўлган йўналиш — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилганлигидир. Ушбу вазирлик ҳузурида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматлари кўрсатадиган "Ягона ҳисоб-китоб маркази" ва унинг шаҳар ҳамда туманларда, зарур ҳолларда, туманлараро филиаллари ташкил этилди.

Бундан ташқари, кўп хонадонли уй-жой фонди умумий мулкини ва унга туташ ҳудудларни сақлаш учун турар-жой ҳамда нотурар жой бинолар мулкдорларининг мажбурий бадаллари энг кам миқдорини ҳар йили тасдиқланиб, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига етказилади.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг раиси "Коммуналўқув" ўқув-услубий маркази» давлат унитар корхонасида ўқигани тўғрисида тегишли сертификатга эга бўлган тақдирда, туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда сайланади, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларининг умумий йиғилиши қарори асосида туман (шаҳар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғининг тақдимномасига кўра лавозимидан озод этилади.

Мутахассислар ҳисобига кўра, келгусида ушбу дастур ижроси кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, маҳаллий ижро органлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг самарали ишлашига эришилади.


Манба: dia.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев кўпқаватли уйларни тартибга келтиришни буюрди