00:18 / 10.05.2017
6 759

Шавкат Мирзиёев Хитойга беш кунлик ташриф билан боради

Шавкат Мирзиёев Хитойга беш кунлик ташриф билан боради
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11–13 май кунлари давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига боради, деб ёзади Kun.uz.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим ташрифи ҳақида дастлаб 21 апрель куни Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган ШҲТ ТИВК навбатдаги йиғилиши доирасида ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ванг И билан учрашуви мобайнида эълон қилинган эди.

21 апрель куни пойтахтимизда бўлиб ўтган «Ҳаракатлар сарҳисоби: 2017 йил 1 чорак якунлари» анжуманида ҳам президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган эди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобовнинг айтишича, бу давлат ташрифининг кун тартибидаги асосий масала – савдо, инвестиция соҳасидаги иккитомонлама муносабатларнинг ҳозирги кундаги аҳволи, хавфсизлик соҳасидаги масалалар, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўлади.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад – Хитой билан стратегик шерикликни янада кучайтириш ва ушбу давлат билан катта ҳажмдаги ҳужжатлар тўпламини имзолаш. Улар орасида икки давлат хўжалик субъектлари ва корхоналари ўртасида тижорий шартномалар бор.

Тадбир дастуридан ХХР раиси Си Жинпинг, Хитой Давлат кенгаши аъзолари, шунингдек, Хитойнинг йирик молиявий-иқтисодий ташкилотлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш ҳам ўрин олган.

Президентнинг Хитойга давлат ташрифи борасида Тошкентдаги Халқаро бизнес-марказида ўтган Ўзбек-Хитой бизнес форуми давомида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ҳам чиқиш қилган эди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга режалаштирилаётган ташрифи инвестицион ҳамкорлик бўйича янги лойиҳалар билан тўлдирилиши мумкин.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ХХР Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири ҳамда мамлакатга сармоя киритувчи энг йирик инвесторлардандир.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда икки давлат ҳамкорлиги натижасида ўнлаб стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилди. Улар орасида Марказий Осиё–ХХР газ қувурининг тўрт тармоғини қуриш, Ангрен-Поп темир йўл линициясида 19 километрлик туннелни қуриш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Қўнғирот сода заводи бор.

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойда «Битта камар — битта йўл» форумида ҳам иштирок этишни мақсад қилган.

ХХР ТИВ раҳбари Ванг Ига кўра, 28 нафар президент ва бош вазир Пекиндаги «Битта камар — битта йўл» стратегияси доирасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича олий даражадаги форумда иштирок этишини тасдиқлаган эди.

Форумда иштирок этишни Ўзбекистон, Аргентина, Беларусь, Чили, Чехия, Индонезия, Қозоғистон, Кения, Лаос, Филиппин, Россия, Швейцария, Туркия, Вьетнам президентлари, Камбожа, Эфиопия, Фижи, Юнонистон, Венгрия, Италия, Малайзия, Мўғулистон бош вазирлари, Мьянма давлат котиби, шунингдек, Покистон, Польша, Сербия, Испания, Шри-Ланка бош вазирлари тасдиқлашган.

ХХР раиси Си Жинпинг форумнинг очилиш сессиясида нутқ сўзлайди ҳамда форумда иштирок этиш учун келган мамлакат раҳбарлари билан мулоқот қилади.

Ванг Ининг сўзларига кўра, йиғилиш 15 май куни бўлиб ўтади. Унда мамлакат раҳбарлари ва бош вазирларидан ташқари, БМТ бош котиби, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори, шунингдек, Жаҳон банки президенти қатнашади. Форум якуни бўйича «Битта камар — битта йўл» стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланади. Унинг сўзларига кўра, форумда ҳаммаси бўлиб 1,2 мингдан ортиқ киши иштирок этади.

Хитой 2013 йилда «Битта камар — битта йўл» иқтисодий ривожланишнинг янги стратегияси ҳақида маълум қилди. У Евроосиё давлатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва инфратузилма яратишга йўналтирилган. Стратегия икки муҳим ривожланиш йўналишига эга: Буюк ипак йўлининг иқтисодий камари ва денгиздаги Буюк ипак йўли. Гап Шарқдан Ғарбга имтиёзли шартларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича савдо йўлагини ташкил этиш ҳақида бормоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Хитойга беш кунлик ташриф билан боради