15:33 / 29.05.2017
6 538

Ростдан ҳам «Болалар меҳнати» масаласи кун тартибидан олиб ташландими?

Ростдан ҳам «Болалар меҳнати» масаласи кун тартибидан олиб ташландими?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сўзлаган нутқида Ўзбекистонга хорижий сармояларни жалб этиш йўлида вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар хусусида гапирди. У Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига соя солиб турган «болалар меҳнати» масаласи энди кун тартибидан олиб ташлангани ҳақида келтириб ўтган.

«Ҳисобот даврида вазирлик чет элларда Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини ошириш, чет эл бизнес ҳамжамиятлари ўртасида республиканинг ижобий имижи - обрў-эътиборини шакллантириш бўйича сиёсий-дипломати кишларни давом эттирди. Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти, шунингдек, АҚШ ва бошқа қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатлар кун тартибидан «болалар меҳнати» деб аталадиган масала олиб ташланди», — дея вазирнинг сўзларини келтирган Kun.uz расмий сайти.

«Вазирлик ҳамда хориждаги қатор ваколатхоналаримизнинг 5 йил давомида астойдил ва синчковлик билан олиб борган ишларидан сўнг Европа парламенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги «Тўқимачилик протоколи»ни маъқуллади. Ушбу битимнинг кучга кириши ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг Европа бозорларига экспортини ошириш имконини берибгина қолмасдан, Ғарб сармоядорларига Ўзбекистонга капитал киритиш учун ижобий ишорани ҳам йўллайди.

Ўзбекистоннинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлиги қайта йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиш лозим. Бундан ташқари, Европа инвестиция банки билан битим тузиш масаласи ҳам фаол ишлаб чиқилмоқда.

Ялпи сайёҳлик оқимини Ўзбекистонга жалб этиш Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналаримиз фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Жорий йил январь - апрель ойлари мобайнида дипломатия ваколатхоналаримиз томонидан 500дан ортиқ тадбир, шу жумладан, семинарлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, брифинглар, маданият кунлари, кўргазмалар ўтказилди.

Вазирлик йирик ва ишончли хорижлик сармоядорлар, юқори малакали мутахассислар учун кириш визалари бериш тартибини енгиллаштириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Ҳозирги пайтда тадбиркорлик мақсадларида Ўзбекистонга келадиган 13 давлат (Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Таиланд, Франция, Чехия, Швейцария ва Япония) фуқароларига нисбатан соддалаштирилган виза бериш тартиби амал қилмоқда. Туркия ва Хитой Халқ Республикаси бизнесменларига соддалаштирилган тартибда кўп марталик визаларни расмийлаштириш имкониятлари ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро майдонда мамлакатимизнинг ижобий обрўсини илгари суриш бўйича фаолият доирасида йирик хорижий нашрларда 230дан ортиқ мақола ва материаллар чоп этилиши ташкил қилинди.

«Жаҳон» ахборот агентлиги ва унинг чет эллардаги мухбирлик пунктлари кўмагида 100 нафардан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши, унинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ёритиш учун Ўзбекистонга келишди», деган Абдулазиз Комилов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ростдан ҳам «Болалар меҳнати» масаласи кун тартибидан олиб ташландими?