Кеча, 30 май куни Тошкент шаҳрида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ҳудудларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолаш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, видеоконференция орқали Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказида ташкил этилган студияларда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, корхоналар раҳбарлари, тадбиркор ва инвесторлар қатнашдилар, дейилади ЎзА хабарида.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди.
2017 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг 545 инвестиция лойиҳаси киритилган бўлиб, йил давомида 7,3 миллиард долларлик сармояларни ўзлаштириш белгиланган.
Шунингдек, 2017 йилда умумий қиймати 2,4 миллиард долларга тенг бўлган 170 янги ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида умумий қиймати 73,5 миллион долларлик 9 лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани алоҳида қайд этилди.
Инвестиция дастурига кирмаган, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган, ҳудудлар миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган 19 триллион 300 миллиард сўмлик мингдан зиёд йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, бугунги кунда уларнинг 39 таси бўйича объектлар ишга туширилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, йиғилишда айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, бунинг оқибатида кўпгина инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида 10 лойиҳа бўйича объектларни ишга тушириш муддатлари асоссиз равишда кечиктириб юборилгани, 9 лойиҳани молиялаштириш бўйича шартномалар тузиш, 10 лойиҳа юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш ишлари пайсалга солиб келинаётгани аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Тармоқлар раҳбарлари ва лойиҳалар ташаббускорлари олдига ана шундай муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш, бу борадаги қолоқлик ҳолатларини бартараф этиш қатъий вазифа қилиб қўйилди.
Президент инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмаслиги оқибатида замонавий объектларни ишга тушириш муддатлари кечикиши, бу эса талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг бозорга етиб боришига, қанча-қанча одамлар, аввало, ёшларнинг иш билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бундай ҳолатларга йўл қўйган мутасадди раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Йиғилишда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги сусткашлик сабабларидан бири энг қуйи тизимда, яъни, ташаббускор тузилмалар ва лойиҳа институтлари даражасида тегишли ҳужжатлар етарлича пухта ишлаб чиқилмаслиги билан боғлиқ экани қайд этилди.
Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, айрим истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, уларнинг молиялаштириш манбалари ва мақсадли стратегияси аниқ белгиланмаган, кутилаётган натижалар бўйича зарур ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилмаган.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев томонидан тегишли вазирлик ва идораларга икки ой муддатда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Инвестиция дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари базасини яратиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш ҳақида топшириқлар берилди.
Бу борада келгуси йил учун мўлжалланган Инвестиция дастурига фақат пухта ишлаб чиқилган, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган инвестиция лойиҳаларини киритишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудлар раҳбарларининг истиқболли лойиҳаларни шакллантириш сифати учун шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди. Бу борада ҳар бир раҳбар ўз тармоғи ёки ҳудудини ривожлантириш бўйича аниқ устувор йўналишлар ва вазифаларни, келгуси йилларда қандай лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини ҳар томонлама чуқур билиши, яққол тасаввур қилиши шарт.
Вазирлар Маҳкамаси ҳар ҳафтада тегишли тармоқлар раҳбарлари билан мавжуд муаммолар ва қолоқлик сабабларини муҳокама қилиб, уларни бартараф этиш, лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш юзасидан тегишли чоралар кўриши лозим. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда икки марта амалга ошириш жараёнида қандайдир муаммо пайдо бўлаётган лойиҳалар бўйича муҳокамалар ўтказиб, уларни амалий жиҳатдан ҳал этиши зарурлигига эътибор қаратилди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар, ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботлари, таклифлари эшитилди ва муҳокама қилинди, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?