07:06 / 01.07.2017
6 041

Давлат департаменти Ўзбекистонга ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб этмасликни тавсия қилди

Давлат департаменти Ўзбекистонга ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб этмасликни тавсия қилди
Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш бўйича минимал стандартларга тўлиқ жавоб бермайди ва бунинг учун етарлича саъй-ҳаракат қилаётгани йўқ, шунинг учун у 3-даражада қолди, дейилади АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига доир ҳисоботида.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши курашиш бўйича чоралар кўргани, болаларнинг пахта териши, мажбурий меҳнат каби ҳолатларни назорат қилишга имкон берилгани қайд этилган. Ҳукумат шунингдек болалар меҳнати тақиқланиши бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш борасида катта кампания ўтказгани эътироф қилинган.

Бундан ташқари, ҳукуматнинг одам савдосида гумон қилинаётганларни таъқиб қилишда давом этаётгани, трансмиллий жараёнларда қатнашаётгани ва одам савдоси жабрланувчилари тикланиш марказларини молиялаштираётгани таъкидлаб ўтилган.

Шу билан бирга, баъзи жойларда барибир болалар меҳнатидан фойдаланиш, пахта далаларида меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари давом этаётгани таъкидланган.

"Вилоятлар амалдорлари мустақил кузатувчилар ва алоҳида назоратчиларни таъқиб қилиб, уларни сўроқ қилган бир неча ҳолат қайд этилган", - дейилади ҳисоботда.

Манбага кўра, 2016 йилда ҳукумат 714 нафар одам савдоси қурбонини аниқлаган. Бу эса кўрсаткичлар 2014 (924 нафар) ва 2015 (1208 нафар) йилларга нисбатан қисқарганини билдиради. 714 кишининг 193 нафари мамлакат ичкарисида жабрланган, қолганлар эса бошқа мамлакатларда эксплуатация қилинган. Маълум қилинишича, одам савдоси қурбонларининг аксарияти мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

Шу муносабат билан Ўзбекистонга баъзи тавсиялар бериб ўтилган:
- пахта теримларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш чораларини кўриш;
- пахта терувчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш;
- мажбурий болалар меҳнатини йўқ қилиш;
- кузатувни кучайтириш;
- мустақил кузатувчиларга пахта етиштириш мониторингини кузатишга тўлиқ имкон бериш ва уларни таъқиб этишни тўхтатиш;
- одам савдосига аралашган шахсларни жавобгарликка тортиш;
- қишлоқ хўжалигидаги меҳнат шароитларини яхшилаш;
- теримга ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, коллеж ва лицей ўқувчиларини жалб қилмаслик;
- меҳнат ҳуқуқи борасидаги аҳоли хабардорлигини оширишда давом этиш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Давлат департаменти Ўзбекистонга ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб этмасликни тавсия қилди