date
views 9 227

O‘zLiDePнинг «Ишбилармон талаба-2015» стипендияси ғолиблари аниқланди

O‘zLiDePнинг «Ишбилармон талаба-2015» стипендияси ғолиблари аниқланди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним” шиори остида ёшлар анжумани ҳамда унинг доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Ишбилармон талаба-2015” стипендияси кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Республикамизнинг барча вилоятларида мазкур танловнинг вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритган ўқувчиларни Наманган “Ёшлар маркази”да карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди.

Тадбирда сўз олганлар ёшларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигигининг йигирма тўрт йиллиги байрами билан қизғин табриклаб, мамлакатимизда ёшларга билим олишлари, ҳунар эгаллашлари учун яратилган шароитлар, партия лойиҳалари, жумладан, 2004 йилдан бери ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон талаба” стипендияси кўрик-танлови ўқувчи ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда, уларда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик фазилатларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаёганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг танлов жараёни бошланди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Иштирокчиларнинг бизнес режаси, компьютер саводхонлиги, O‘zLiDeP фаолиятидан қай даражада хабардорлиги ҳамда келгусидаги орзу истаклари ҳақида суҳбатлашилди.

- Бугунги танловга ўсимликларни сув шароитида ўстиришга мўлжаллаб ясалган мўъжазгина техникамни олиб келдим, - деди Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дурдона Мамадиёрова. - Уни ясаш жуда мураккаб эмас. Бунинг учун сув тортиб берадиган мотор, резина шланг ва 2 та махсус контейнер бўлса, бас. Бу 7-8 метр жойни эгаллайди, холос. Мен гулларни қандай қилиб шу усул билан ўстиришни кўрсатганман. Бу технология ёрдамида нафақат гул, балки бодринг, помидор кўчатларини ҳам тупроқсиз, фақат сув аралаштирилган ўғит ёрдамида бемалол парвариш қилиш мумкин.

- Мен Бухородаги Когон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўқийман, - деди Нилуфар Йўлдошева. – Биласиз, Бухоро тарихий шаҳар. Шунинг учун бу ерга хорижий мамлакатлардан ҳар йили минглаб сайёҳлар келишади. Тарихий обидаларни зиёрат қилишади. Албатта, уларни халқимизнинг миллий урф-одатлари, касб-кори, ҳунармандчилиги ҳам қизиқтиради. Бухорода миллий ҳунармандчиликнинг ҳам ўз анъаналари бор. Мен кулолчиликка қизиқаман. 1 йилдан бери устозим Алишер Нарзуллаевдан шу касбнинг сир – асрорларини ўрганмоқдаман. Бугунги танловга ўзим ясаган миллий лаган, ўзбек отахонлари, онахонлари қиёфасини акс эттирган кичик ҳайкалчаларни олиб келдим.

Бизнес режамда ҳам кулолчилик цехи очиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари яратишни, бу маҳсулотларни савдо дўконларида сотишни ва шу йўл билан моддий фойда олишни режалаштирганман.

Қорақалпоғистондан келган ўқувчи ёшларнинг миллий либослари, тайёрлаган кўргазмалари ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.

– Бугунги танловга ўзим ясаган дутор, уй-рўзғор буюмларидан ёғоч қошиқ, хон тахта, чўмич, от арава, урчуқ, ўтов, сандиқчаларни олиб келдим, - дейди Чимбой қишлоқ хўжалиги ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Милливой Базарбаев. –Гарчи бундай буюмлар бугун турмушимизда кам учрасада, лекин ота-бобларимизнинг ўтмишдаги ҳаёт тарзларини тасаввур этишимиз, бугунги техника ва технология асри билан қиёслашимиз учун зарур деб ҳисоблайман.

Пойтахтлик ўқувчилар ҳам ўз истеъдодларини намойиш этишда бошқаларга намуна бўлишди.

Кўрик танлов якунида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни олган барча ўқувчиларга O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси фахрий ёрлиқлари, партия вилоят кенгашлари ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги байрами арафасида “Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган ушбу анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари, тадбиркорлар фаолияти билан танишдилар. Тўрақўрғон туманидаги “Дилрабо СД”, Наманган шаҳридаги “Наманган момиқ сочиқлари” корхоналаридаги учрашувлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » O‘zLiDePнинг «Ишбилармон талаба-2015» стипендияси ғолиблари аниқланди