08:55 / 03.08.2017
7 258

Президент: «Ўқитувчиларни норози қилманглар. Улар бизга керак»

Президент: «Ўқитувчиларни норози қилманглар. Улар бизга керак»
Кеча, 2 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, олий таълим муассасалари ректорлари, ўқитувчи ва педагоглар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳоли, жамоатчилик вакиллари билан ўтказилаётган учрашув ва мулоқотлар чоғида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига ота-оналардан бўлаётган мурожаатларда умумтаълим мактабларида 10-11-синфларни ташкил этиш юзасидан кўплаб таклифлар билдирилмоқда.

«11 йиллик таълим етарли ҳисоблансада, биз ёшларни ортиқча бир йил ўқитганмиз. Бунинг оқибатида ёшлар бир йил йўқотмоқда ва катта ҳаётга кириб келишда бир йилга кечикмоқда», деган президент.

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари ректорлари, кенг жамоатчилик вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари умумтаълим мактабларининг 10-синфларида, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришига оид фикрлари ўрганилди.

Бу жараёнда умумтаълим мактабларининг 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланди.

Йиғилишда ота-оналар ва болаларнинг шу борадаги хоҳиш-истакларини тўлиқ ҳисобга олиш ва рўёбга чиқариш зарурлиги, уларнинг овора бўлишига йўл қўймаслик, шундай ҳолатлар юз берган тақдирда тегишли туманлар ҳокимлари, халқ таълими бўлими ва таълим муассасалари раҳбарларига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги раҳбарларига маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда шу йил 20 августга қадар ҳар бир ўқувчининг аниқ мактаб, лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттиришини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Селектор йиғилишида ўқувчилар ва ота-оналарнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишнинг янги тизими – ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди. Янги ўқув йили бошлангунга қадар бу мажмуаларни ўқув жиҳозлари, касб-ҳунар ўрганиш учун зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш бўйича масъул идора ва шахслар белгиланди.

Маҳалла фаоллари, нуронийлар, профилактика инспекторлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, туман, шаҳар ҳокимларига умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифатини ошириш, ҳар пайшанба ­– профилактика кунида ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш ва таҳлил натижаларини танқидий муҳокама қилиб бориш вазифаси топширилди.

Янги ўқув йили бошлангунча касб-ҳунар коллежларининг ўқув устахоналари негизида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил қилиб, уларга яқин атрофдаги мактабларни бириктириш, коллежлардан узоқда жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун мактабнинг ўз базасида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси яратиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида чуқурлаштирилган махсус тайёргарликни талаб этмайдиган чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, ошпаз, сартарош, каштачи, кулол, қандолатчи, новвой, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби жами элликдан зиёд касб-ҳунар ўргатилади. Бу мажмуаларда касб эгаллаган ўқувчиларга 11-синфни якунлаганидан сўнг етуклик аттестати билан бирга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади.

Йиғилишда касб-ҳунар коллежларида фаолият кўрсатаётган, дарс соатлари ҳажми камайган ҳар бир ўқитувчини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни янги ўқув йили бошлангунга қадар ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, мутасадди шахсларга тегишли топшириқлар берилди.

«Ҳамма билсин, коллежлардан бўшаган ўқитувчилар юз фоиз иш билан таъминланади. Мактабга бормаса, бошқа жойга ишга оламиз. Ўқитувчиларни норози қилманглар, улар бизга керак», дея таъкидлаган президент.
[media=https://youtu.be/Epe5nD5Fb9w]

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: «Ўқитувчиларни норози қилманглар. Улар бизга керак»