09:31 / 17.08.2017
7 561

Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди

Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги очилган олий таълим муассасалари, филиаллар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмухамедов, Халқ таълими вазири У.Иноятов ва уларнинг ўринбосарларини қабул қилди ва ҳисоботларини тинглади.

Мажлисда Президентнинг давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев, Бош вазир ўринбосари Ж.Кучкаров ва Ҳисоб палатаси раиси М.Икромов қатнашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида берилган топшириқлар ижросининг бориши кўриб чиқилди.

Белгиланган вазифага мувофиқ, умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўз ҳоҳишига кўра 10-синфда ўқишини давом эттириши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш ишлари изчил давом этмоқда.

Ўқув режасига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.

Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Шуларнинг 9,5 минг нафари олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштириляпти.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, 10-синфларда дарс берадиган 116 минг нафар ўқитувчининг касбий билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.

10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда.

Таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича вертикал тизим яратилиб, вазирликдан ҳудудларга 14 нафар, ҳудудий халқ таълими бошқармаларидан туман ва шаҳарларга 195 нафар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларидан ҳар бир мактабга масъуллар бириктирилди.

Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган 650 минг нафар ўқувчи учун “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни танлаб олиш ва уларни олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлашни ташкил этиш учун ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида биттадан академик лицей очиш ва фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрта махсус касб-ҳунар муассасалари тармоқ вазирликлари ва давлат қўмиталарига бириктириб берилди.

10-11 синфлар жорий этилиб, коллежларда контингент қисқариши муносабати билан мавжуд моддий техника базасидан самарали фойдаланиш мақсадида 7 та коллеж ва академик лицей негизида янги 3 та олий таълим муассасаси филиаллари ва 1 та олий таълим муассасаси ташкил этилмоқда.

Мулоқот чоғида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини ортиқча ҳисоботлар, турли бюрократик топшириқлардан озод этиш, уларнинг илмий салоҳиятларини таълим мазмуни ва сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқот ишларига йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, энг илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш масаласига тўхталиб ўтди. Болаларнинг қизиқиш ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим ва тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш, шу орқали уларни она Ватанга муҳаббат, покиза орзулар руҳида камол топтириш бугунги кундаги энг муҳим, энг долзарб масалалардан бири эканини таъкидлади. Зеро, фарзандларимизнинг мактабда қандай ўқиши, қандай юксак мақсадлар билан камол топиши кўп жиҳатдан уларнинг мактабгача таълим муассасасида оладиган тарбиясига боғлиқдир.

Мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, бошқарув тузилмасини ташкил этиш, мазкур муассасаларга болаларни 100 фоиз қамраб олишга қаратилган алоҳида дастур ишлаб чиқиш, бошланғич таълим муассасаларига қатор имтиёзлар бериш, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш институтларида таълим мазмунини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш, уларни энг илғор олий таълим муассасалари таркибига ўтказиш орқали умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларига энг кучли ва тажрибали профессор-ўқитувчилар таълим беришига эришиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларига 25 августига қадар барча таълим муассасаларини янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш ҳамда Инвестиция дастурига киритилган таълим объектларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини якунлаш, кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди