19:08 / 22.09.2017
6 116

Жиноят воситаси айбланувчига тегишли бўлмаса мулкдорга қайтариб берилади

Жиноят воситаси айбланувчига тегишли бўлмаса мулкдорга қайтариб берилади
2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси, депутатлар таъкидлаб ўтганидек, бозор иқтисодиётининг асосий шартларидан бири бўлган хусусий мулк кафолатларини таъминлашда ва ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, ушбу талабга ўзгартиш киритилиб, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши кераклиги ва тегишли муассасаларга топширилиши ёки йўқ қилиб юборилиши назарда тутилмоқда. Жиноят қуроллари гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган тақдирда, улар мулкдорларига қайтариб берилади.

Таҳририят изоҳи: Жиноят қуроллари – шахс жиноятни содир этиш учун тайёрлаган ёки фойдаланган ҳар қандай предмет, масалан, совуқ қуроллар, транспорт воситалари, асбоб-ускуна ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Улар жиноят таркиби белгиларига қўшилади, чунки улар жиноят содир қилишини енгиллаштиради, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини оширади.

Масалан, жиноятчи Damas русумли автомашинада контрабанда маҳсулотларини ташиган бўлса, якунда ўша контрабанда маҳсулотлари ҳам, жиноят қуроли сифатида фойдаланилган Damas автомашинаси ҳам мусодара қилинади. Амалдаги қонунчиликка кўра, агар Damas автомашинаси бировники бўлса ва унинг эгаси ўз машинасида контрабанда маҳсулоти ташилаётганини билмаган бўлса ҳам (масалан, ижарага берган), Damas автомобилидан айрилиб қолар эди. Қонунчиликка юқорида назарда тутилган ўзгариш киритилса, амалиётда ушбу муаммо ҳал қилиниши кутилмоқда.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Жиноят воситаси айбланувчига тегишли бўлмаса мулкдорга қайтариб берилади