13:10 / 10.10.2017
11 525

Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда

Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда
Илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланиши, глобал дунёда рақобатнинг ортиши шароитида ҳар бир давлат ва жамиятнинг бу жараёнда рақобатбардошлиги ёшларнинг интеллектуал ривожи ҳамда уларнинг истеъдоди ва қобилиятларини тўлиқ амалга оширишга эътибор беришга боғлиқ бўлади.

Шунинг учун бу масала ҳар доим давлатларнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлашга қаратилган барча стратегияларда акс эттирилган. Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам бу борада истисно бўлмади. Унда алоҳида бўлим давлатнинг ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган. У Ўзбекистоннинг 10 миллион фуқароси ёки мамлакат аҳолисининг 31 фоизини ташкил этувчи ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни қамраб олади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқини ташкил этиш зарурати ҳаётнинг ўзи томонидан белгилаб қўйилди, у ташкилотдан ёшлар ҳаётидаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишни талаб этади, айниқса уюшмаган ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароитлар яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш шулар жумласидан.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилган кун - 30 июнни Ёшлар куни сифатида эълон қилиниши ҳам жуда рамзийдир. Сабаби ушбу Иттифоқ давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга оширишда самарали фаолиятни таъминлайдиган, «Ёшлар - келажак қурувчиси» шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширадиган тузилмага айланади.

Бизнинг фикрча, ушбу шиор шубҳасиз тасодифан танланмаган - у Ўзбекистон президентининг давлатнинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги стратегиясида принципиал ёндашувини ифодалайди. Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда.

Бу Ўзбекистон раҳбари томонидан Ўзбекистон президенти Девонида ёшлар сиёсати масалалари Хизмат ташкил этилгани билан ҳам исботланади. Хизматга президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси раҳбарлик қилади. Бу шуни англатадики, ёшлар муаммоси доимо мамлакат президентининг диққат марказида бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки, зарурий моддий ресурслар билан қўллаб-қувватланмаса, ташкилот фаолиятидан бирон бир натижани кутиш мумкин эмас. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Ривожланиш жамғармасига кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўловининг ҳисобланган миқдоридан 8 фоизи ўтказиб берилади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошида турли предметлар, жумладан хорижий тиллар, дастурлаштириш ва тадбиркорлик асослари бўйича таълим бериш мақсадида ташкил этилувчи шўъба корхоналар 10 йил муддатга барча турдаги солиқлардан озод қилинади. Шу билан бирга, ушбу имтиёзлар натижасида корхонанинг тасарруфида қолган маблағларнинг 20 фоизи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Яратилган шароитдан фойдаланиб, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мамлакатнинг келажагини белгилайдиган ёш кучни шакллантира бошлади. Шу мақсадда Иттифоқ турли ёшлар уюшмаларини, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш марказларини яратмоқда ҳамда бир қатор йирик тадбирларни ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Иттифоқ чет элда таълим олиш ёки меҳнат фаолиятини олиб бориш мақсадида бўлиб турган Ўзбекистон ёшларининг манфаатлари ва муаммоларини ўрганишга киришди. Ташкилот шунингдек ёшлар билан ишлаш бўйича энг яхши тажрибаларни ўрганишга имкон берадиган халқаро ёшлар ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг шунга ўхшаш ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун чора-тадбирлар кўрмоқда. Шу мақсадда, Ёшлар иттифоқи вакиллари шу йилнинг август ойида Хитойга, сентябрь ойида Қозоғистонга ташриф буюрдилар. Яқин келажакда бундай ташрифлар Россия, Корея Республикаси, Германия ва бошқа мамлакатларга режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ҳаётда ёшларнинг фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, интернетда жуда ёш, бироқ истиқболли кадрлар бўлган ёшларнинг юқори лавозимларга тайинлангани кенг муҳокама қилинди. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг 22 ёшли битирувчиси Алишер Саъдуллаев халқ таълими вазирининг ўринбосари, Тошкентдаги Турин политехника университетининг 25 ёшли битирувчиси Олимжон Тўйчиев эса Фан ва технологиялар бўйича агентлик бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.

Лавозимга тайинланганидан сўнг Алишер Саъдуллаев маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида мамлакат президенти ушбу лавозимга ёшлар вакилини бекорга тайинламаганини, давлат раҳбари бундай қарор билан ёшларни жасоратга, фикрларини очиқ ифода этишга чақирмоқчи экани ҳақида маълум қилди. Ёш амалдорнинг фикри Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлодни ўзини ўзи англаши учун маънавий жиҳатдан рағбатлантириш истагида эканидан ёрқин далолат беради.

Яна бир муҳим қадам - ёшлар ҳаёти воқеаларини сифатли ва ўз вақтида ёритадиган платформага айланган Ёшлар пресс-клубининг ишга туширилиши бўлди. Бу ерда ёшлар масалаларини конструктив муҳокама қилиш учун давлат органлари вакиллари, экспертлар жамоаси ва оммавий ахборот воситалари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтади. Ушбу платформа ёшларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Яқинда Ўзбекистонда ташкил этилган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ҳам ёшлар учун «Ижтимоий лифт» сифатида аташ мумкин. Бунга асос сифатида шуни айтиш мумкинки, Институтга давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотларида истиқболли ёш кадрлар маълумот базасини шакллантириш, уларнинг профессионал ривожланиш тизими мониторинги ташкил этиш, ушбу кадрларни бошқарув лавозимларига илгари суриш бўйича таклифларни тайёрлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг ёш истиқболли кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш каби вазифалар юкланган.

Юқорида айтиб ўтилганлар Ўзбекистонда ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ўрнини кучайтириш бўйича йўналиш белгиланганини айтиш имконини беради. Шу бўйича давлат ва ёшлар ташкилотларидан ёшлар ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунга таяниб, Ўзбекистоннинг ривожланишидаги янги босқичда ёшлар алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш мумкин.

С. Юсупов, Д. Раббимов,
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти илмий ходимлари

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда