11:20 / 08.02.2018
8 397

Олий суд раиси: 2018 йилда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида юз бериши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида

Олий суд раиси: 2018 йилда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида юз бериши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумлар залида давлат дастурида белгиланган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги чора-тадбирларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Йиғилишда академик Акмал Саидов, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев, Ўзбекистон судьялар кенгаши раиси Маруфжон Усмонов, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, элчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон ва хорижий ОАВлар вакиллари, шу жумладан, Спутник Ўзбекистон мухбирлари иштирок этди.
Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида юз бераётган тарихий ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида доира суҳбати иштирокчиларига ахборот берди.

Ўзгаришлар шамоли

Комилов тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 85 та иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилгани, судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилгани ҳақида таъкидлаб ўтди.

"Дунёнинг тараққий этган давлатлари илғор тажрибасини чуқур ўрганиш асосида мамлакатимиз тарихида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди", — деди Комилов.


Комиловга кўра, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчиллик билан давом эттириш, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, қонунчилик асосларини изчиллик билан такомиллаштириб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Хусусан жорий йилда Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимиятини мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилади.

Парламент комиссиясининг асосий вазифаси — фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан биргаликда муаммоларни ҳал этиш механизмларини яратиш бўлади.

Судья танлашда жамоатчилик фикри ўрганилади
Олий суд раисининг сўзларига кўра, эндиликда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьялар мақомининг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади. Судьялик лавозимига тайинланаётган номзод бўйича туман ва шаҳар жамоатчилиги фикрини ўрганиш тартиби жорий қилинади.

Терговга аралашишга йўл қўйилмайди

Эндиликда Ўзбекистонда терговга қадар текширув, суриштирув ва терговнинг ҳар томонлама холисона юритилишини таъминлашга қаратилган чоралар ишлаб чиқилади.

Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ёки суд фаолиятига ҳар қандай кўринишда, турли хил тарзда аралашганлик учун жазо чоралари кучайтирилади.

"Адолат саройи"
Марказий суд органлари ва муассасалари фаолияти уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг жойлашуви қайта кўриб чиқилади. Марказий суд органлари ва муассасаларини ўзида бирлаштирадиган "Адолат саройи" мажмуалари барпо этилади.

Суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Одил судлов академияси барпо этилади.

Прокурор ваколати судга ўтказилади
Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасига асосланган ҳолда, "Хабеас корпус" институтини янада кенгайтириш доирасида суриштирув ва дастлабки тергов устидан суд назорати янада кучайтирилади. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилади.

Кўрсатув беришга мажбурлаганлик учун жазо белгиланади
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноят процессида жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган янги механизмлар амалиётга жорий этилади.

Процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатувлар, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатув беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади.
Шунингдек, жиноят ҳақида ёлғон хабар ва ёлғон гувоҳлик берганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш назарда тутилмоқда.

Жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатлари мақбуллаштирилади
Айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини белгиловчи қоидалар амалга жорий этилади.

Жиноят ишини кўриб чиқиш муддати тезлаштирилади
Жиноят ишини кўриб чиқишнинг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Яъни жиноятни рўйхатга олиш ва тергов қилишдан то ҳукмни ижро этишгача бўлган жараённи ўз ичига олган "электрон жиноят иши" тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Олий суд раисининг 2018 йилда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида юз бериши кутилаётган ўзгаришлар ҳақидаги ахборотини тинглаган хорижий давлатлар элчилари, кутилаётган ўзгаришларни ўта муҳим деб баҳоладилар, Ўзбекистонда суднинг роли, судья ваколатлари кенгайтирилаётганини ижобий баҳоладилар ва бу борадаги ислоҳотларга ўз ҳиссаларини қўшишга, биргаликда ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдирдилар.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Олий суд раиси: 2018 йилда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида юз бериши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида