«Урумчи—Олмаота» йўловчи поезди ҳаракати Тошкентгача узайтирилиши мумкин

  • 24-02-2018, 19:57
  • 1 289
  • Ўзбекистон
  • «Урумчи—Олмаота» йўловчи поезди ҳаракати Тошкентгача узайтирилиши мумкин
    Қозоғистон пойтахти Остонада 23 февраль куни «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси, Қозоғистоннинг «Пассажирские перевозки» ҳамда «Қазақстан темир жўли» компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА»га таяниб «Дарё» хабар бермоқда.

    Учрашув чоғида темир йўл орқали йўловчи ташиш йўналишидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган. Томонлар, хусусан, «Олмаота—Тошкент» йўналишида ҳаракатланувчи №1/2 халқаро йўловчи поезди қатнови даврийлигини оширишни келишиб олган. Унга мувофиқ, 2018 йилнинг 18 мартидан поезд ҳафтасига уч марта қатнайди (ҳозирда икки марта).

    Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши ҳамда туризмни оммалаштириш доирасида «Урумчи—Олмаота» поезди йўналишини ёзги мавсумда Тошкентгача узайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.

    Қозоғистон томони, шунингдек, «Тошкент—Москва» ва «Тошкент—Самарқанд—Термиз» йўналишида қўшимча поездлар ҳаракати йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлади.

    Учрашув чоғида томонлар электрон чипталар сотувини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича ҳам келишиб олган.

    » » «Урумчи—Олмаота» йўловчи поезди ҳаракати Тошкентгача узайтирилиши мумкин