Ҳар бир нарсага президентдан туртки кутиш шартми?
Мавзумиз андак нозик. Лекин бугун жуда муҳим масалага айланиб бормоқда.
Фуқаронинг ўз давлатини севиши, мамлакат йўлбошчисини ҳурматлаши ҳавас қилгулик ҳол. Ўзаро суҳбатларда, борингки, расмий давраларда юрт раҳбарини самимий улуғлаб қўйиш ҳам чиройли хислат. Аммо оддий фуқаро қолиб, юрт сўрайдиганлар қиёфасида ҳаммаси юзаки, зўракилиги сезилиб турса-чи? Тилёғламалик айёрлик, лаганбардорлик ва, энг ёмони, зўраки маддоҳлик билан қоришиб кетса-чи?
«Осмондаги болалар» фильмида бир лавҳа бор: ёш ижодкорнинг асарини танқидчиларга катта бир ёзувчиники деб тақдим этишади. Ҳамма мақтайди. Эртасига асл муаллиф маълум қилинганида ҳамма дарров тўнини тескари кийиб олади ва ёмонлай бошлайди. Улардан бирига: «Кечагина худди шу асарни мақтаб тургандингиз-ку?», — дея мурожаат қилинганида, «Мен кеча муаллиф деб ўйлаган улуғ ёзувчимиз кўзи билан қарагандим!», — дея жавоб беради. «Ўзингизнинг кўзингиз қаерда эди?» деган ҳақли эътирозга осонгина: «Мен фикримни айтдим», — дейди эгардан тушмай. Бугунги баъзи раҳбарларимизнинг тутган йўли ҳам шунга ўхшаб кетмаяптими?
Амал курсисига эришган инсон борки, албатта тилёғламалик, маддоҳлик қилишим шарт деб ўйлайди, шекилли. Аниқ эътибор бергансиз: кичикроқ амалдордан тортиб катталаригача бирор муҳим масала ҳақида гап кетганида, ҳатто бу ўзи учун ҳам жуда майда иш ҳисобланса-да, гапини албатта «президентимизнинг бевосита кўрсатмаларига асосан... давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорга кўра...» каби сўзлар билан бошлайди. Айтадиган гапига мос келса-келмаса, «президентимизнинг қарорлари бизга дастуриламал бўлмоқда» дея суҳбатни ўз сўқмоғига бура кетади ва дарҳол муаммо моҳиятини тушунмаётганини, ўзини олиб қочишга, бурчни зиммасидан соқит қилишга уринаётганини, юрт раҳбари соясидан паноҳ излаётганини сездириб қўяди.
Бу нима, жавобгарликдан қочишми, эртага вазият ўзгарса сувдан қуруқ чиқишга уринишми ёки, янаям қўрқинчлиси, шахсий фикр ё ташаббуснинг йўқлигими? Ахир раҳбар ёки мутасадди деганлари фақат юқоридан киритиладиган дастур асосида ишлайдиган робот эмас-ку!
Ҳар бир нарсага президентдан туртки кутиш шартми? Бир йўналишни давлат раҳбари кўриб чиқса ва фикрларини айтса, ҳамма бирдан шунга ёпишади. Айтайлик, қайсидир соҳани таҳлил қилишга ҳали давлат раҳбарининг вақти етмаган бўлса (етмаслиги ҳам аниқ, чунки бирор кун дам олганини кўрдингизми?), демак, ўша соҳа қолоқлигича қолаверадими?
Аниқ биламан, ишонаман, умид қиламанки, раҳбаримизга маддоҳлар эмас, соҳасининг усталари, ташаббускорлар, юртга нафи тегадиган инсонлар керак. Ҳатто ўзи «қарсакбозликни йиғиштирамиз» дея таъкидлади. Демак, келинг, энди самимийроқ бўлаверайлик. Лаганбардорликни қўйиб, муаммоларни ечайлик, ватан учун жон фидо қилайлик, мақтовни эса халқ берсин!
Юқори мартабали раҳбарларнинг интервьюларини кузатаркансиз, улар гўё ўзлари, фаолиятлари, мавжуд муаммолар ечими-ю режалари ҳақида эмас, давлат раҳбарининг кўрсатмалари нақадар тўғри бўлаётганини ёритишга уринаётгандек туюлаверади. Мана, яқинда давлат дастури қабул қилинди. Шу борада ким билан суҳбатлашмайлик, ўз йўналиши бўйича дастурнинг бандларини қайтаради ва бу нақадар аъло бўлганини айтаверади.
Ахир биз бу дастур билан ўзимиз билан ҳам танишиб олаверамиз. Сиз соҳанинг етакчи вакилисиз. Энди мақтовни бир четга суринг, бу дастур нималар беради, қандай ўзгаришлар бўлади, шундан гапиринг. Дастурнинг камчиликлари бўлса, уларни ҳам кўрсатиб ўтинг, ечимлари бўйича таклифлар беринг. Ахир сизга тикилиб турган қоракўзларнинг ҳаммасининг нигоҳини осонгина президентга ошириб юбораверадиган бўлсангиз, очиқ айтинг, сизнинг нима керагингиз бор?!
Иккинчи жиҳат. Майли, муаммо юзасидан шу тариқа ҳимояланишар экан. Лекин ўрни келса-келмаса «муҳтарам президентимиз» дея иҳоталанаверишнинг нима ҳожати бор? Шахсан мен ҳам давлатимиз раҳбарини ҳурмат қиламан, фаолиятини кузатиб бораман. У киши қилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўпчилик юртдошларимиз каби умид билан кутаяпман, амалга ошганлари ортидан пайдо бўлган қулайликларни ҳам ҳис қилаяпман. Шу билан бирга ўз ишимни кўнгилдагидек давом эттиришга, бирор янгилик киритишга, шу жамиятга оз бўлса-да фойдам тегишига имкон қадар интилаяпман. Чунки ҳар бир инсон ўз ишини сидқидилдан бажарса, жамиятга фойдаси тегишини кўзласа, эртанги кун билан яшаса мамлакат ривожланади. Бўлар-бўлмас тилёғламалик билан эмас!
Мавзу юзасидан гап кетганда кимлардир дарров «Бу қон-қонимизга сингиб кетган, ўзгаришимиз қийин» дейишади. Кечирасиз, айримларгагина қараб халқнинг қиёфаси яратилмайди. Кимдир, айниқса амалдор шундай қилса, ҳамма шундай қилиши шарт дегани эмас.
Шундай экан, адашмайлик, ёқса-ёқмаса мақтовга зўр бермайлик, сохта маддоҳлик ортига яшириниб олмайлик!
Аброр Зоҳидов
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи