23:20 / 08.04.2018
5 774

Хорижда яшайдиган 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар она юртга келишмоқда

Хорижда яшайдиган 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар она юртга келишмоқда
Ўзбекистонда туғилган ва турли сабабларга кўра айни пайтда хорижда истиқомат қилаётган 70 нафар ёш ватандошларимиз 10-16-апрель кунлари ўз Ватанида меҳмон бўлади. Шу кунлари юртимизда илк бор Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан “Ёш ватандошлар” фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биносида фестиваль олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

“Ёш ватандошлар” фестивалини ўтказишдан кўзланган мақсад хорижда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизнинг бой маданий мероси, азалий қадриятлари, урф-одатлари ва асосийси, ёшларимизнинг ҳаёти билан яқиндан таништиришдан иборат. Шунингдек, улар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини шакллантириш, уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва юртимиздаги ислоҳотларга жалб қилиш, инвестиция киритишга тарғиб қилиш ҳам мўлжалланган.

Фестиваль Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади.

Фестивалда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 18 дан зиёд нуфузли мамлакатлардан 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар ташриф буюради ва жами 400 нафар ёшлар иштирок этади ва жамиятимиз ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади, – дейди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаров.

“Ёш ватандошлар” фестивали тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, илм-фан ва ахборот технологиялари йўналишларида иш олиб боради. Мазкур йўналишларда давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда чет элда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, илмий салоҳияти юксак бўлган ёшлар тақдимот қилишади, шунингдек, юқори тажрибага эга бўлган давлат вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашишади.

Фестиваль доирасида “Муваффақиятли стратегия пойдевори”, “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш”, “Ўзбекистонда архитектура келажаги”, “Ўзбекистонда барқарор ҳамкорлик учун асос“, “Бизнес –Ўзбекистонда инвестиция иқлими” ҳамда “Сайёҳларни туризмга жалб этиш йўллари”, “IT–лойиҳаларни бошқаришда энг муваффақиятли механизмлар”, “Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ривожланиш истиқболлари” каби қатор мавзулар кенг муҳокама қилинади.

Камила Султонова, фестиваль иштирокчиси:
Ўзим Қарши шаҳрида туғилганман. Бундан 20 йил аввал, 15 ёшимда хорижга ўқишга кетганман. Шундай имконият туғилганди-ки, мен ундан фойдаланганман. Дастлаб АҚШда, сўнг Данияда таълим олдим. Ҳозирда Финляндияда яшайман. Мен бугун шу ерда – Ватанимда бўлиб турганимдан жуда хурсандман, бу мен учун фахр! Мен Ватанимни севаман. Биласизми, Ватанга бўлган севгини кўпроқ ундан ташқарида бўлганингизда англар экансиз. Мен хориж мамлакатларидаги дўстларимга Ўзбекистон Покистон эмаслигини, Ўзбекистон фақатгина палов мамлакати эмаслигини, балки унинг интилувчан, билимли ёшлари ҳам борлигини исботлашни хоҳлайман. Бизнинг ва хориж ёшлари ўртасида таълим кўпригини ҳосил қилиб, шу йўналишда Халқ таълими, Ахборот технологиялари вазирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчиман. Она шаҳрим Қаршида онлайн-мактаб очмоқчиман. Бу - менинг орзуим.

Умид қиламизки, “Ёш ватандошлар” фестивали узоқ-яқиндан келган ўзбек ёшлари ўртасида самарали конструктив мулоқот ўрнатиш майдонига айланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Хорижда яшайдиган 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар она юртга келишмоқда