00:44 / 26.07.2018
4 458

Мирзиёев ислоҳотлари: афсонами ё ҳақиқат — Amnesty International

Мирзиёев ислоҳотлари: афсонами ё ҳақиқат — Amnesty International
Шу йилнинг май ойида Amnesty International ходимлари 2004 йилдан буён илк бора Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот маълумотларига кўра, делегатлар мансабдор шахслар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги масалаларни муҳокама қилишган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг июлида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар энди Ўзбекистонга бемалол келиб-кетишлари мумкинлигини эълон қилган эди.

Ташкилотдагилар бу таклифни қабул қилишди ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси мазкур ташрифни амалга ошириш учун уларга ёрдам берди. Ташриф шу йилнинг 22 майидан 25 майига қадар амалга оширилди.

«Ўзбекистон ҳукуматидагилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар билан мулоқотни тиклаш истагида эканлигини қайд этишдан жуда мамнун бўлдик. Бизга инсон ҳуқуқлари соҳасида бизни ташвишлантириб келган ва ташвишлантиришда давом этаётган масалаларни муҳокама қилиш учун яхши имконият яратиб берилди», — деган Amnesty International’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс.

Расмий шахслар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ва мамлакатда истиқомат қилаётган барча учун қулай яшаш шароитларини таъминлаш борасида ўз қатъиятини ишонч билан таъкидлаб ўтишди.

Айримлар ҳаттоки ўтмишда хатоларга йўл қўйилганини тан олиб, Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини яхшилаб олиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Янги президент (Шавкат Мирзиёев – таҳр.) кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Унинг раҳбарлиги даврида сиёсий айбловлар билан узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган бир неча маҳбус озодликка чиқарилди. Айримлар муддатидан аввал озод қилинди, жумладан, икки виждон тутқунлари — Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Фармонов. 2017 йилнинг февралида узоқ кутилган суд ислоҳотларига нисбатан ҳаракатлар стратегиясини маъқуллади ва биз умид қиламизки, мазкур стратегияни амалга ошириш муваффақиятли тарзда давом эттирилади», — дея таъкидлашган ҳуқуқбонлар.

Дарҳақиқат, мамлакат янги президент қўл остида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро механизмлар билан ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлар учун очилди. 2017 йилнинг майида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди, октябрь ойида эса БМТнинг дин ва виждон эркинликлари масалалари бўйича махсус маърузачиси икки ҳафталик ташриф билан мамлакатга келиб кетди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг ноябрида президент Шавкат Мирзиёев иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун қийноқлардан фойдаланиш, шунингдек бундай иқрорликлардан судда далил сифатида фойдаланишни тўғридан-тўғри тақиқловчи фармонни имзолади. 2017 йилнинг сўнгида ўзининг парламентга мурожаатномасида президент демократия принциплари, қонун устуворлиги ва одил судловга риоя қилиш муҳимлигига алоҳида урғу берди.

«Умид қиламизки, Тошкентдаги расмий шахслар биз берган бир қатор тавсияларни инобатга олишади. Уларнинг орасида сиёсий мотивлар билан таъқиб қилинган барча шахсларнинг оқланиши бўйича механизмларни яратиш, шунингдек, ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бузилишини самарали ва холисона ўрганиш механизмларини яратишни ўз ичига олади», — дея таъкидлаган Мари Стразерс.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, мана шундай хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ҳокимияти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя қилиш ва Ўзбекистонда яшовчи барча инсонларнинг яшаш тарзини яхшилашга ўзининг қатъий ва ҳақиқий тарафдорлигини исботлаган бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев ислоҳотлари: афсонами ё ҳақиқат — Amnesty International