08:27 / 10.08.2018
7 968

Сиртқи таълим шаклига тест синовлари бошқа санага кўчирилди

Сиртқи таълим шаклига тест синовлари бошқа санага кўчирилди
Ўзбекистон Республикаси президентининг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” 2018 йил 4 июндаги ПҚ-3769-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан 2018/2019 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига қабул квотаси 14 050 та қилиб белгиланган. Абитуриентлар томонидан 135 280 та аризалар топширилган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 30 июлдаги 4-сон баёни билан олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига тест синовлари 2018 йил 20 августдан бошлаб ўтказилиши белгиланган эди.

Тест синовлари Қурбон Ҳайитига тўғри келиши муносабати билан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида тест синовлари 2018 йил 17-20 август кунларига кўчирилди.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида кундузги таълим шакли ўтаётган республикадаги кузатув камералари, шахсни идентификациялаш қурилмалари билан жиҳозланган 57та катта сиғимли биноларда ўтказилади.

Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 17-18 август кунлари шу кунларда тест синови ўтказилаётган биноларда, Тошкент шаҳрида 17-20 август кунлари ўтказилади. Бинолар манзилларини Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайти орқали билиб олиш мумкин.

Эслатма: Гулистон давлат университети, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали ва Тошкент давлат аграр университетининг сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари Тошкент шаҳридаги биноларда бўлиб ўтади.

Тест синовлари натижалари тест ўтган куннинг эртасига Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайти орқали эълон қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сиртқи таълим шаклига тест синовлари бошқа санага кўчирилди