06:30 / 18.08.2018
3 209

Миср президенти Ўзбекистонга келади

Миср президенти Ўзбекистонга келади
Миср Араб Республикаси президенти Абдул Фаттоҳ Саид Ҳусайн Халил Ас-Сиси жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.

Миср президентининг ташрифига оид расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, учрашув санаси ва унга оид айрим маълумотлар тасдиқланган.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср расмийлари транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва савдо йўналишларида келишувларга эришиши кўзда тутилган. Миср Инвестиция масалалари вазири Саҳар Наср Ўзбекистонга мамлакат таклиф этаётган янги инвестицион иқлим ва «Сувайш» каналидан фойдаланиш имкониятларини билдирмоқда.

Транспорт вазири Ҳишам Арофат эса ҳар икки мамлакатда ҳам йўллардаги инфратузилма ўхшаш шароитларда эканлигини инобатга олиб, темир йўл соҳасини замонавийлаштириш бўйича амалий таклифларни билдиришга тайёрлигини айтмоқда.

Ўзбекистон томони Миср давлати билан 1992 йил 1 май куни дипломатик муносабатларни ўрнатиш бўйича ҳужжатларни имзолаган бўлса, шу йилнинг июль ойида Миср Араб Республикаси делегацияси Тошкентга ташриф буюрди.

1994 йили Тошкентда Миср фан ва таълим маркази очилди. Орадан тўрт йил ўтиб, Тошкентда Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллигига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Мисрликлар «Миқиёс ан-Нил» ихтирочиси ал-Фарғоний ҳаёти ва ижодига жуда қизиқади. Унда олимлар, мутахассислар, талабалар, Тошкентдаги Миср маданий марказининг ходимлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашганди.

2005 йили эса Миср Араб Республикасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбек халқи хеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди» асарининг араб тилидаги нашри тақдимоти ташкил этилди. Икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикаси собиқ президенти Ислом Каримов Оқсаройда Миср Араб Республикасининг халқаро ҳамкорлик вазири Фоиза Абуннажо хонимни қабул қилганди. Ўшанда Фоиза Абуннажо хоним Ислом Каримовга Миср Араб Республикаси президенти Ҳусний Муборакнинг мактубини топширган. Шу йили Ислом Каримов расмий ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлганди.​
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)