Ун ва нонга давлат томонидан белгиланган нархлар бекор бўлмоқда

  • 15-09-2018, 07:01
  • 2 099
  • Ўзбекистон
  • Ун ва нонга давлат томонидан белгиланган нархлар бекор бўлмоқда
    Нон — ризқ-рўзимиз. Халқимиз дастурхонидаги асосий неъмат ҳам нон ва нон маҳсулотлари ҳисобланади. Ана шулар эътиборидан, узоқ йиллардан буён мамлакатимизда ғалла мустақиллигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари кўзланган қатор чора-тадбирлар қўлланиб келинмоқда.

    Айни пайтда собиқ иттифоқ давлатлари ичида нон ва унга энг арзон нарх айнан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

    Лекин бундан ғалла етиштираётган фермер хўжаликлари ҳамда ун ишлаб чиқарувчи ва нон ёпувчи корхоналар ҳам манфаатдорми? Асло! Улар улкан зиён билан ишлашмоқда.

    2017 йилда фермерлардан ғалланинг тоннаси 550 минг сўмга харид қилинган, ҳолбуки бозорда ғалланинг бир тоннаси 1 млн 600 – 1 млн 800 минг сўмга сотилган.

    2014 йилдан буён қолипли нонга бўлган нархнинг бир маромда сақлаб келинаётгани оқибатида «Ўздонмаҳсулот» АК тасарруфидаги корхоналарнинг зарари 489 миллиард сўмни ташкил этган.

    Ҳисоб-китобларга кўра, унга белгиланган улгуржи нарх (1120 сўм/кг) ва қолипли нонга чакана нарх (650 сўм/дона) сақланиб қолинадиган бўлса «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналарининг зарари 2018 якунларига кўра 868 миллиард сўмни ташкил этади.

    Боз устига соҳа корхоналарининг 2018 йил 1 июнь ҳолатига нисбатан қарзлари 2,7 триллион сўмдан ошиб кетган.

    Давлатнинг нархларни паст даражада ушлаб туришга бўлган саъй-ҳаракатларига қарамасдан ҳақиқий бозор нархлари тасдиқланган нархлардан баландроқ бўлиб турибди.

    Масалан, республика бозорларида 1 навли маҳаллий уннинг килоси 1400-1600 сўмга сотилмоқда. Қозоғистонда ишлаб чиқарилган уннинг килоси 2400-2600 сўм. Бу ҳолда уннинг тасдиқланган баҳоси 1120 сўм/кг. Дўконларнинг расталарида давлат томонидан тасдиқланган нархдаги ун деярли сотилмаяпти.

    Қолипли ноннинг 1 донаси учун нарх 650 сўм қилиб белгиланган эса-да, кўплаб ҳудудларда нон 700 сўмдан (Бухоро, Қарши, Навоий, Самарқанд) 1000 сўмгача (Жиззах, Наманган, Термиз, Фарғона) сотилмоқда.

    Шундай қилиб, ун ва қолипли нон учун баҳо аксарият ҳолларда бозор нархларида шаклланмоқда, белгиланган ва бозор нархи ўртасидаги фарқ эса айрим «ишбилармонлар»нинг чўнтагини қаппайтирмоқда.

    2017 йил якунларига кўра ун ва нон-бўлка маҳсулотлари (макарон, печенье, ширинликлар ва ҳ.к.) нинг истеъмоли ҳажми аҳоли жон бошига 178 кг ёки 5,8 миллион тоннани ташкил этган.

    Ушбу ҳажмнинг фақат 1,4 миллион тоннаси ёки 25 фоизи «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналари томонидан белгиланган нархларда ишлаб чиқарилган. Қолган қисми (1,9 миллион тоннаси ёхуд 32 фоизи) хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан бозор нархларида ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган. Яна 2,5 миллион тоннаси ёки 43 фоизи импорт қилинган.

    Умуман, қайд этмоқ керакки, очиқ бозор иқтисодиёти (ун ва нонга бўлган истеъмол талабининг бир қисми маҳсулотни импорт қилиш эвазига қопланади, қолипли нон ишлаб чиқариш хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилади, бозорда ун ва ноннинг нархи талаб ва таклиф асосида ўрнатилади) шароитида нархларнинг давлат томонидан тартибга солиниши самарасиз ҳисобланади. Бу давлат маблағларининг ўзлаштирилишига олиб келади ва коррупция учун шароит ҳозирлайди.

    Бундан ташқари, нархларни тартибга солиш шароитида аҳолининг барча қатламлари: таъминланганлар ҳам, кам таъминланганлар ҳам паст нархларнинг бенифициарлари бўлишади ва аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилишнинг йўналганлиги йўқолади, давлат маблағларидан самарасиз фойдаланиш юзага чиқади.

    Мана шулар инобатга олиниб, ҳамда давлат маблағларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ва уларнинг ўғирланишининг олдини олиш мақсадида ун ва нон нархининг давлат томонидан тартибга солинишини бекор қилиш таклиф қилинмоқда.

    Бу ҳолатда аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ун ва нон харид қилишларидаги қўшимча харажатларни қоплаш учун манзилли субсидиялар ажратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

    Қайд этмоқ жоизки, ун ва нонга давлат томонидан белгиланган нархларнинг бекор қилиниши оқибатида уларнинг бозор нархлари ошиши кутилмаяпти, чунки улар талаб ва таклиф асосида аллақачон шаклланиб бўлган.

    » » Ун ва нонга давлат томонидан белгиланган нархлар бекор бўлмоқда