12:15 / 24.09.2018
4 080

Эксперт Ўзбекистонда GM Uzbekistan'дан ҳам ёмонроқ монополия пайдо бўлишини тахмин қилди

Эксперт Ўзбекистонда GM Uzbekistan'дан ҳам ёмонроқ монополия пайдо бўлишини тахмин қилди
Ўзбекистонда яна бир монополия, бу сафар GM Uzbekistan’дан ҳам ёмонроғи пайдо бўляпти, дея ҳисоблайди иқтисодиёт фанлари доктори, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Нишонбой Сирожиддинов.

«Афтидан, бизни яна бир «сюрприз» кутмоқда. «Ўзэлтехсаноат» АК нафақат протекционизмни мустаҳкамламоқчи, балки шундай имтиёзларни олиш ва монополист бўлишни хоҳламоқда», - дея ёзади иқтисодчи Facebook’даги ўз саҳифасида.

Гап, катта эҳтимол билан, яқинда ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳаси ҳақида кетмоқда, у жисмоний шахслар учун маҳсулотни божсиз олиб кириш қоидаларини кучайтиради.

Ҳозирда фуқаролар Ўзбекистонга қуйидагиларни тўловсиз олиб кириш ҳуқуқига эга:

• автомобиль йўллари (пиёдалар) ўтказиш пункти орқали - 1 ойлик интервал билан умумий қиймати 300 долларгача бўлган биттадан маиший техника ва ошхона идиш-товоқлари тўплами;

• темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали - 1 ойлик интервал билан умумий қиймати 1 минг АҚШ долларигача миқдорда биттадан маиший техника ва ошхона идиш-товоқлари тўплами.

Ушбу вақт оралиғини 6 ойга ошириш режалаштирилмоқда. Натижада, фуқаролар ушбу товарларни камроқ эркин олиб киради.

Олимнинг фикрича, «Ўзэлтехсаноат» автомобиль саноатидан ҳам сурбетроқ тарзда тайёр электротехника маҳсулоти импортидан тушган божхона тўловлари ва акцизларнинг умумий ҳажмидан 60 фоиз миқдордаги маблағни Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига йўналтиришни таклиф қилмоқда. «Бундай сурбетлик ҳақида бизнинг «севимли» «Ўзавтосаноат» ҳам ўйламаган эди», - дея таъкидлайди Сирожиддинов.

«Лекин асосий масала - бизнинг иқтисодиётимиз ва истеъмолчиларимиз салбий қўшимча қийматни келтириб чиқараётган навбатдаги шундай монополистга бардош бера оладими? Бизнинг аҳоли учун бундай ишлаб чиқариш керакми? Агар шундай бўлса, нима учун?», - деб ёзади у.

Эксперт GM Uzbekistan'нинг самарасиз ишини мисол сифатида келтирган, у 2017 йилда 135,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқарди. Ҳисоб-китоблар соҳадаги ўртача иш ҳақи 300 доллар эквивалентида ҳисобга олинган ҳолда келтирилади (компанияда ишга ҳақ тўлаш фонди тахминан 100 миллион доллар эквивалентга тенг).

«Мисол учун, биз ишлаб чиқармаймиз, балки йилига ўртача нархи 8 минг доллардан 120 минг дона автомобилни импорт қиламиз. Эркин савдода, яъни импорт тарифлари ҳамда автомобиль импортига акцизлар йўқ бўлган ҳолатда, енгил автомобиллар импортидан ҚҚСдан давлат бюджетига тушадиган маблағлар 192 миллион долларни ташкил этади. Енгил автомобиллардан ташқари, бошқа автомобилларнинг импорти бу миқдорни янада оширади», - дейди Сирожиддинов.

«Энди, енгил автомобиллар импортига 20 фоиз миқдорда ставка бўйича тариф жорий этамиз, натижада уларнинг импорт ҳажми йилига 120 минг дона автомобилдан 100 минггача қисқаради. Бундай ҳолатда давлат бюджетига фақатгина енгил автомобиллар импорт тарифи ва ҚҚСдан тушум миқдори 352 миллион долларгача ошади», - дея қўшимча қилиб ўтган у.

Натижада, олим шундай хулосага келади: бизнинг даромад камида 252 млн долларга кўпроқ бўлиши мумкин эди, енгил автомобиллардан ташқари, бошқа автомобиллар ҳам ишлаб чиқарилиши ҳисобга олинса, биз шунчаки давлат бюджетидан «Ўзавтосаноат» АК барча ходимларига иш ҳақини улар бу автомобилларни ишлаб чиқармагани учун тўла ҳажмда компенсация қилиб беришимиз мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)