Марказий банк 100 минг сўмлик купюралар чиқиши ҳақидаги хабарларни яна бир бор рад этди

  • 25 сентябрь 2018, 18:34
  • 1 733
  • Ўзбекистон
  • Марказий банк 100 минг сўмлик купюралар чиқиши ҳақидаги хабарларни яна бир бор рад этди

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакиллари 100 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилиши ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

    Марказий банк вакили «Kun.uz»га маълум қилишича, бугун Миллий матбуот марказида Марказий банк ҳамда «Қишлоққурилишбанк»нинг қўшма анжуманида қатнашган мутахассислар томонидан берилган маълумот расмий эмас ва айни вақтда Ўзбекистонда йирик номиналдаги банкнотани муомалага чиқариш режаси йўқ.

    Анжуманда банкирлар ​​Ўзбекистонда пул алмашмаслигини айта туриб, бу фикрни «тез орада 100 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилиши кутилаётгани» билан дастаклашганди.

    Ундан олдинроқ, сентябрь ойи давомида интернетда янги купюра сурати тарқалганди.

    Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида ҳам интернет орқали 100 минг сўмлик банкнота дизайни ва суратлари тарқалган, ўшанда Марказий банк расмийлари бу купюра сурати ҳақиқий эмаслигини айтган, лекин Ўзбекистонда 100 минг сўмлик купюра муомалага чиқиши эҳтимолини рад этмаганди.

    Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда 100 минг сўмлик банкнота чиқарилиши ҳақида гаплар 2017 йил ёзида, 50 минг сўмлик банкнота муомалага киритилиши ортидан бошланганди. Ўтган йилнинг сентябрида эса Марказий банк бу хабарларни буткул рад қилди.

    Маълумот учун, 2017 йил баҳорида интернетда 10 минг сўмликлар ортидан 50 минг сўмлик банкноталар чиқиши ҳақида хабарлар тарқалганида, Марказий банк бу хабарларни асоссиз миш-миш деб атаганди. Лекин 2017 йилнинг августида Марказий банк 50 минг сўмлик янги купюрани муомалага киритди.

    » » Марказий банк 100 минг сўмлик купюралар чиқиши ҳақидаги хабарларни яна бир бор рад этди