13:20 / 24.10.2018
3 862

Президент электр энергетикаси бўйича янги қарорни имзолади

Президент электр энергетикаси бўйича янги қарорни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан 2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” қуйидагиларни назарда тутган ҳолда тасдиқланди:

мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 миллиард АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт 7 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш;

жалб қилинадиган кредитлар ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2 500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш;

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда – ЭЭҲО ва НҚАТ) 7 миллион истеъмолчиларни улаш, 2021 йил якунига қадар ЭЭҲО ва НҚАТ қамровини абонентлар умумий сонининг 100 фоизигача етказиш;

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари билан келишилган, умумий қиймати 1,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредитларни ўзлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Н.Ариповга – “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини қатъий назоратга олиш;

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродовга – халқаро молия институтлари ва ташкилотлардан жалб қилинаётган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, салоҳиятли инвесторларни излаш ва инвесторларга, шу жумладан, ишончли бошқарувга бериладиган объектларни аниқлаган ҳолда электр энергетикаси тармоғига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга – электр энергетикаси тармоғида лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш механизмларининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш;

“Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси У.М.Мустафоевга –лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш, мазкур қарорда белгиланган объектларни қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда “Обод қишлоқ” Давлат дастурини амалга ошириш учун жалб қилинган халқаро молия институтлари қарз маблағларининг 100 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган қисмини 2019-2020 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилишга йўналтирилишини таъминлайди.

Қайд этилишича, президентнинг 2012 йил 14 февралдаги ПҚ-1705-сон ва 2012 йил 2 августдаги ПҚ-1795-сон қарорларига мувофиқ “Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш. Ўзбекистон Республикасининг Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари 0,4 кВтли истеъмолчиларининг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш тизими” лойиҳаси (кейинги ўринларда – АСКУЭ 1-фаза) Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

а) “Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ 4-фаза) жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун кўзда тутилган Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ҳисобига республиканинг бошқа ҳудудларида ЭЭҲО ва НҚАТни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш;

б) Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига АСКУЭ 1-фаза лойиҳасини амалга ошириш доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ЭЭҲО ва НҚАТ маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказини ташкил этиш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра аниқланган пудратчи – компания билан;

Республиканинг барча ҳудудларида ЭЭҲО ва НҚАТни жорий этиш учун зарур бўлган замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун халқаро танлов савдоларини ўтказиш юзасидан тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича «CESI S.P.A/AF Mercados Energy Markets International S.A/Sharifa.com» (Италия/Испания/Ўзбекистон) консалтинг компанияларининг консорциуми билан қўшимча битимлар тузиш.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Ш.А.Вафоев)га қуйидагиларни мувофиқлаштириш учун жавобгарлик юкланди:

харид қилиш жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирок этишини, мамлакат ҳудудида ЭЭҲО ва НҚАТ ва ҳисоблаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш сервис марказларини яратишни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ЭЭҲО ва НҚАТни жорий қилиш учун замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига 2021 йил 1 декабрга қадар республиканинг барча ҳудудларида ЭЭҲО в НҚАТни жорий этишни якунлашбўйича замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш юзасидан халқаро тендер савдоларининг ўтказилишини жадаллаштириш.

Мажбурий ижро бюроси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олган ҳолда, электр энергиясини ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олишни параллел молиялаштириш мақсадида 2019-2021 йиллар давомида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан ҳар йили 400 миллиард сўм миқдорида солиққа тортилмайдиган маблағларни “Ўзбекэнерго” АЖга беғараз равишда ажратилишини таъминланади.

Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича Комиссия тузилади, унга Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки гуруҳи билан биргаликда:

а) ишлаб чиқариш қувватларини 2030 йилгача 20 минг мВтга етказган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш бўйича узоқ муддатли инвестициявий дастурни 2019 йил 1 майга қадар ишлаб чиқиш;

б) 2019 йил 1 мартга қадар электр энергиясини узатишда давлатнинг тўлиқ назоратини сақлаб қолган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш (сотиш) корхоналарига хусусий ҳамда хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенг жалб қилишни,шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўғридан-тўғри танлов асосида электр энергиясини сотиб олишнинг улгуржи бозорини босқичма-босқич ташкил этишни назарда тутган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий схемасини ишлаб чиқиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида идоралараро тариф комиссиясини ташкил этишни назарда тутган ҳолда, 2019 йил 1 апрелга қадар электр энергетикаси тармоғига хусусий секторни жалб қилишни рағбатлантирувчи,электр энергиясининг жорий ва капитал харажатларини қоплашга асосланган электр энергияси тарифларини ҳисоблаш методологиясини тайёрлаш ва тасдиқлаш;

г) 2019 йилда электр энергетикаси тармоғи корхоналарида корпоратив бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этишни таъминлаш, шунингдек, тармоқ корхоналарининг корпоратив облигацияларини чиқариш ва халқаро бозорларга жойлаштириш;

д) 2018 йил 1 декабрга қадар электр энергетикаси тармоғида давлат-хусусий шерикликнинг норматив-ҳуқуқий базаси, тартиб-таомиллари ва регламентини ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;

е) мавжуд ресурс базаси, замонавий технологик тенденциялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни инобатга олган ҳолда, электр энергетикаси тармоғида салоҳиятли инвесторлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент электр энергетикаси бўйича янги қарорни имзолади