16:45 / 14.11.2018
6 509

Янги тузилаётган партиянинг номи ва платформаси маълум бўлди

Янги тузилаётган партиянинг номи ва платформаси маълум бўлди
Ўзбекистонда экологик партия ташкил этилади. Юздан ортиқ экологик партия тузиш ташаббускорлари 14 ноябрда Тошкентдаги ITC бизнес марказида партия ташкилий қўмитасини шакллантирди.

Ўзбекистон экологик партияси сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда экологик ёндашувни тарғиб этади. Янги партия 2019 йилда бўлиб ўтадиган ҳокимиятнинг вакиллик органларига (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенати ва маҳаллий депутатлар кенгашига) навбатдаги сайловларда қатнашмоқчи.

67 кишидан иборат ташкилий қўмитанинг раиси этиб Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия кўмитаси раиси Борий Алихонов сайланди.

Ташкилий қўмитага партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш топширилди. Қўмита сиёсий партияни тузиш учун зарур бўлган камида саккизта вилоятда йигирма минг фуқаро имзосини 1 декабргача йиғишни режаламоқда.

Экологик партиянинг таъсис съезди 2019 йил 8 январда бўлиб ўтади. Таъсис съездида партия устави ва дастури қабул қилинади.

Партия Ўзбекистон экологик ҳаракати негизида ва ҳаракат фаоллари томонидан ташкил этилмоқда. Ташкилий қўмита раиси Борий Алихоновнинг айтишича, партия тузилгандан кейин Экоҳаракат тарқатилмайди, ўз фаолиятини алоҳида сиёсий куч сифатида давом эттираверади.

2017 йил декабрида Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган мурожаатномасида Экоҳаракат вакиллари учун Қонунчилик палатасидан махсус ўрин ажратишдан воз кечишни таклиф қилган эди. Президентнинг фикрича, Экоҳаракат вакилларини парламентга квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Қонунчиликка кўра, Экоҳаракатга парламентнинг қуйи палатасидан 15 ўрин ажратилади. Квотани бекор қилиш "сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та сиёсий партия – Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ХДП), "Миллий тикланиш" демократик партияси (МТДП), "Адолат" социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мавжуд.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги тузилаётган партиянинг номи ва платформаси маълум бўлди