04:53 / 17.11.2018
4 252

Чет эллик сайёҳлар 2018 йилда Ўзбекистонда салкам $1 млрд сарфлашади

Чет эллик сайёҳлар 2018 йилда Ўзбекистонда салкам $1 млрд сарфлашади
2018 йилнинг охирига қадар Ўзбекистон иқтисодиётига чет эллик сайёҳлардан келган даромад 951 млн долларни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов Туризм бўйича халқаро инвестицион форумга бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Юқорида айтилган даромад суммасини аниқлаш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа идоралар билан биргаликда бир ой давомида Ўзбекистонга келган сайёҳлар ўртасида сўров ўтказган. Сўров натижаларига кўра дифференциал ҳисоб-китоблар амалга оширилган.

Олдинроқ Давлат статистика қўмитаси 9 ой давомида Ўзбекистонга 4,7 млн нафар чет эллик ташриф буюрганини маълум қилганди. Уларнинг 7 фоизи – 327,2 минг киши саёҳатга, қолгани эса қариндошларини йўқлаш мақсадида келган.

Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққуловнинг айтишича, хорижлик туристлар сони 10 ойда 4,4 млн.ни ташкил этган, бунда қариндошларини йўқлашга келганлар ҳам қўшиб ҳисобланиши шарт. 327 минг одам эса фақат туристик фирмалар орқали гуруҳ бўлиб келган сайёҳлардир.

"Биз сайёҳлар сонини халқаро стандартларга мувофиқ ҳисоблаб чиқдик. Бунда транзит орқали ўтган ва қисқа муддатга келган чет элликларни ҳисобга олмадик. Бошқа мамлакатлар ҳам худди шундай ҳисоблайди. Мисол учун, ўтган йили Малайзияга 26 млн сайёҳ келгани ҳисобланган, шундан 13 млн сайёҳ унга қўшни бўлган Сингапурдан келган. Бироқ, барчамиз биламизки, Сингапур аҳолиси фақатгина 5,6 млн кишини ташкил қилади", – деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.

Абдулазиз Оққуловнинг фикрича, ушбу кўрсаткичлар сайёҳлик инфратузилмаси салоҳиятини баҳолаш, ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш ва туризмдан олинган даромадларни ҳисоблаш учун зарурдир.

2018 йил 19 ноябрдан 21 ноябргача "Ўзэкспомарказ"да биринчи Халқаро инвестицион форум ўтказилади. Унда қарийб 500 киши қатнашиши кутилмоқда, улардан 175 таси хорижий инвесторлардир. Форумда 600 дан зиёд инвестиция лойиҳаси намойиш этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Чет эллик сайёҳлар 2018 йилда Ўзбекистонда салкам $1 млрд сарфлашади