22:00 / 17.11.2018
8 381

Алифбони ислоҳ қилишдан муддао не?

Алифбони ислоҳ қилишдан муддао не?
Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда лотин графикасига асосланган янги ўзбек алифбоси ҳақидаги баҳс-мунозаралар авжига чиқди. Таклиф этилаётган «ш» ва «ч» ҳарфларининг янги шакли қўлёзмада қандай акс этишини амалда синаб кўриш учун қайта-қайта ёзиб кўрдим. Негадир ўхшамади... Ишонмасангиз, сиз ҳам ёзиб кўринг...

Хат-савод чиқариш учун қўлига қалам олган болакай бу ҳарфларни қандай ёзаркин? Ғайритабиий элементга эга бу ҳарфлар унинг ҳуснихатига қандай таъсир кўрсатаркин?..

«Kun.uz» сайтида айни масалада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов билан бўлган суҳбат мулоҳазага чорлади.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни университет ташаббуси билан тил ва алифбо масаласига бағишланган конференцияда лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларнинг айримларини маъқуллаш мумкин. Чунончи, «ў» ва «ғ» ҳарфларига ўзгартириш киритиш, «нг» ҳарфий бирикмаси ва товушини алифбодан чиқариш бўйича берилган таклифларда мантиқ бордек. Бироқ «ш» ва «ч» ҳарфларини ўзгартиришга эҳтиёж борми?

Эътибор берсак, дунёдаги аксарият тилларда ҳарфий бирикмалар мавжуд ва бу на ёзувда, на талаффузда у қадар мураккабликни юзага келтирмайди (агар шундай бўлганида улар бундан аллақачон воз кечган бўларди).

Ректор билан суҳбатдан маълум бўлдики, алифбо масаласида тортишаётганлар уч гуруҳга бўлинган: биринчи гуруҳ алифбо шу ҳолатда қолиши кераклигини, иккинчи гуруҳ айрим ҳарфларни ўзгартиришни, учинчи гуруҳ эса ўзбек тилидаги 6та унлини 9тага кўпайтиришни таклиф қилаётган гуруҳлар. Учинчи гуруҳнинг таклифига мутлақо қўшилиб бўлмайди: «ҳ» ва «х» ҳарфларини тўғри қўллаш кўникмасини эгаллаш қанчалик қийинлиги (ҳатто айрим филолог-мутахассислар ҳам бу масалада баъзан иккиланиб қоладилар), имловий хатоларнинг катта қисми шу ҳарфларни чалкаштириб ёзиш билан боғлиқ эканини яхши билганимиз ҳолда, наҳот бундай ҳолатлар кўпайишини истаймиз?

Ҳурматли ректор маънавият, алифбо масаласида шошмашошарликка йўл қўйиш мумкин эмаслигини, бу борадаги аччиқ тарихий тажрибаларни тўғри эслаб ўтибдилар. Хўш, алифбога киритаётган ҳозирги ўзгартиришлар халққа сингиб кетишига, шу билан саводхонлик кескин ошиб кетишига ким кафолат беради? Бизнинг яна хато қилишга ҳаққимиз борми?

Алифбога ўзгартириш киритиш масаласи кейинги йил май ойигача бўлган даврда умумхалқ муҳокамасига қўйилар, агар қабул қилинса, у билан боғлиқ ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилар экан. Кирилл ва лотин ёзувлари параллелизми жамиятда қанча муаммо, эътироз ва саводсизликка сабаб бўлаётгани бизга камлик қиляпти чоғи. Йўқса, икки алифбо ва уч хил имло (кириллча, лотинча ва янги лотинча)ни ўзимизга асло раво кўрмасдик.

Алифбо масаласи кун тартибига чиққач, республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган бир ярим мингга яқин она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларини жамлаган ижтимоий тармоқлардан биридаги «Методик ёрдам маркази» чинакам баҳс-мунозара майдонига айланди. Фойдаланувчилар алифбодаги ўзгаришлар жамиятда саводсизликни авж олдиришини якдиллик билан эътироф этган ҳолда, «Лингвистлар жамияти»ни тузиб бундай ислоҳотга қарши чиқиш, умумхалқ муҳокамасида фаол бўлиш кераклигини таъкидлашди. Фикри ожизимча, бунга уларнинг маънавий ҳаққи бор.

Балки масаланинг маънавий оқибатларини олдиндан тўлиқ тасаввур қила олмасмиз, лекин моддий тарафи-чи? Шу тўртта ҳарфни ўзгартириш давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ, сарф-харажат талаб этишини ҳам эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.

Ҳурматли алифбога ўзгартириш киритиш тарафдорлари! Сиз келтираётган сабаблар ва далиллар алифбони ўзгартириш учун етарли эмас (шахсан мен Сиз рўкач қилаётган сабабларга ва бугунги кунда дунёнинг қайсидир чеккасида кимдир «Coca-cola» сўзини «Жожа-жола» деб ўқишига ишонмайман). Жамиятдаги саводсизликка, пешлавҳалардаги хатоларга қарши курашни алифбони ўзгартириш орқали эмас, сифатли таълим (бусиз на саводхонликка, на тараққиётга эриша оламиз), имло қоидаларини такомиллаштириш орқали амалга оширганимиз маъқул эмасми? «Ш» ва «Ч»га дум қўйганимиз билан нима ўзгаради? Таълим муассасаларидан ташқари амалда қўлланмаётган ёзувни ўзгартиришга бел боғлагандан кўра, қабул қилинганига салкам ўттиз йил бўлаётган ёзувга тезроқ ўтиш ҳақида бонг урсангиз ўринли бўлармиди?..

Ёш ўқитувчилардан бири «Алифбони ислоҳ қилишдан муддао нима?» деб савол қўйибди. Ҳақли, ўйлашга мажбур этадиган савол. Балки, бу ислоҳот амалга ошса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг жамиятдаги нуфузи бир поғона юксалар, кимдир моддий, кимдир маънавий рағбат олар...

Бу савол миллатимиз тақдирига, маънавиятига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни ўйлантириши ва ўз сўзини айтишга мажбур қилиши керак. Токи, яқин тарихда йўл қўйган хатоларимиз яна такрорланмасин.
Шаҳноза Эргашева,
филология фанлари номзоди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Алифбони ислоҳ қилишдан муддао не?