22:58 / 07.12.2018
4 675

Президент: «Ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт»

Президент: «Ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт»
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекисон халқини ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этиб, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.

Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш - барчамизнинг шарафли бурчимиз эканини алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбари Конституциянинг бош мақсади – халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида қилинган ва қилинажак ишларга ҳам эътибор қаратди. Жамоатчилик ва халқаро экспертлар фикрлари асосида Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилингани, унга мувофиқ солиқ ставкалари пасайтирилиши, баъзи бадал ва тўловлар бекор қилиниши, тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш рағбатлантирилишини таъкидлади.

Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиш, айниқса, инфляция даражасини пасайтириш бўйича олдиндаги муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтди.

«Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирди президент матбуот хизмати.

Президент ўз маърузасида фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ёшларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш, иш ва уй-жойлар билан таъминлаш, пенсионерларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.

Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ёшларнинг илмга интилишини кучайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини қайд этди.

«Чунки билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!», деган президент.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: «Ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт»