date
views 5 333

Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди, жамғармалар тугатилди

Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди, жамғармалар тугатилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорнинг давлат мақсадли жамғармаларига тааллуқли қисмида қуйидагилар келтирилган:

25. Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши, шунингдек, ягона солиқ тўлови таркибининг ўзгариши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг:

а) 2019 йил 1 январдан:

ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш функцияларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини;

соҳани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш, магистрал (вилоятлараро) коллекторларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича буюртмачи функцияларини Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги зиммасига, мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш, таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш функцияларини эса Молия вазирлиги зиммасига юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини;

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастурини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харажатларни алоҳида сатрда кўрсатган ҳолда молиялаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармасини тугатиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси (кейинги ўринларда – Республика йўл жамғармаси)ни Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш ҳамда:

йўл хўжалиги соҳасидаги қурилиш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш, шунингдек, автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, унинг ҳудудий бош бошқармалари, туман йўллардан фойдаланиш корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари, кўприклардан фойдаланиш корхоналари, Республика йўл жамғармаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясини сақлаш функцияларини Молия вазирлиги зиммасига юклаш;

бошқарув ходимларининг чекланган сонини 9 бирликдан иборат этиб белгилаган ҳолда Республика йўл жамғармасини йўл хўжалиги соҳасида халқаро молиявий институтлар, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ижрочи орган сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

26. Белгилансинки:

тугатилаётган давлат мақсадли жамғармалари ва Республика йўл жамғармасига 2019 йил 1 январдан кейин тушадиган мажбурий ажратмалар суммаси тўлиқ миқдорда Пенсия жамғармасига ўтказилади. Ушбу тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммалар Пенсия жамғармасидан тўланади;

тугатилаётган давлат мақсадли жамғармалари ва Республика йўл жамғармасининг (ходимларни моддий рағбатлантириш махсус ҳисобрақамидан ташқари) 2018 йил якуни бўйича қолдиқ маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади ҳамда якунланмаган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади;

тугатилаётган давлат мақсадли жамғармаларининг 2019 йил 1 мартгача бўлган давр учун ходимларига тўланадиган иш ҳақи, компенсация тўловлари ва бошқа харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

27. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

тугатилаётган давлат мақсадли жамғармалари ва Республика йўл жамғармаси томонидан аввал жалб қилинган хорижий кредитларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қайтарсин;

тугатилаётган давлат мақсадли жамғармалари ва Республика йўл жамғармасининг харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари вазифа жиҳатидан таснифининг тегишли тармоқлари бўйича акс эттирсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда давлат мақсадли жамғармаларини тугатиш ва ўтказиш ишларини ташкил этиш, уларнинг активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказишни ва қабул қилиш-топширишни амалга ошириш, шу жумладан, қарзларни ундириш ёки умидсиз қарздорликни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар киритиш учун тугатиш комиссиясини ташкил этсин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди, жамғармалар тугатилди