12:35 / 01.01.2019
4 356

Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали ташкил этилади

Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг Тошкент филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва Астрахан давлат техника университетининг (Россия Федерацияси) Қибрай шаҳрида (Тошкент вилояти) Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг филиалини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

аквакультурани ривожлантириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш, балиқларни парваришлаш, инкубациялаш, озиқлантириш, товар балиқ етиштириш, хориж технологияси асосида совуқ сувда яшовчи балиқларни иқлим шароитимизга мослаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Россия Федерацияси Астрахан давлат техника университетининг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш;

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан қафас (садок) усулида, ёпиқ сув таъминоти қурилмаларида балиқ етиштириш, сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш;

ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурс тежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

замонавий технологияларга оид янги билим ва кўникмаларни чуқурлаштиришни ҳисобга олган ҳолда талабаларни ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.

Белгилаб қўйилишича:

Филиал олий таълим муассасаси - юридик шахс мақомига эга бўлган нотижорат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;

Филиал Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг (Россия Федерацияси) алоҳида бўлинмаси сифатида кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, бош муассаса билан келишилган ўқитишнинг асосий йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, шу жумладан, илмий-педагог кадрлар тайёрлайди;

Филиалнинг таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

Филиалга қабул квотаси манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, бош муассаса билан келишилган ҳолда тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг асослантирилган таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлар бўйича амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси бош муассаса томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти)нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Тошкент вилояти Қибрай тумани, Қорамурт кўчаси 1-уйда жойлашган Қибрай Молия-иқтисод касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудудлари билан бирга Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Филиал бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ишлари тугаллангунга қадар, уни вақтинча Тошкент давлат аграр университетининг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилидаги ўқув биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

Филиал фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига талабаларни, лекин Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда, давлат гранти асосида ўқитишга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадалларидан Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари;

халқаро молия институтлари грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали ташкил этилади