
Ўзбекистонда транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш ҳамда транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепциясида кўзда тутилмоқда.
Концепцияда Ўзбекистонни йўловчи ташиш соҳасида йирик минтақавий транспорт «хаб»ига айлантириш режалаштирилган.
Бунинг учун халқаро парвозлар географияси ва тўғридан-тўғри парвозлар, жумладан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига парвозларни кенгайтириш, авиапарвозлар сифатини ошириш ва нархини пасайтириш кўзда тутилмоқда.
Концепцияни амалга ошириш доирасида йўловчи ташишни ривожлантириш дастури қабул қилинади. Дастур мунтазам транспорт қатновини йўлга қўйиш, туристик марказларни боғловчи республика ва минтақавий аҳамиятга эга мавжуд автойўлларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, йўлбўйи инфраструктурасини (кемпинг, сервис хизмати объектлари, умумий овқатланиш, тиббий ва санитар пунктлари) яхшилаш кабиларни ўз ичига олади.
Транспорт тарифларини мақбуллаштириш, йирик халқаро авиаташувчиларни жалб қилиш, арзон авиаташувлар ташкил этиш ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасида авиақатновларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Фармон билан Ўзбекистоннинг логистик жозибадорлигини тубдан яхшилаш, хориж авиакомпанияларини маҳаллий аэропортларга парвоз қилишга жалб қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Ишчи гуруҳи тузилди.
- Республикада товар алмашишни, биринчи навбатда Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан йўловчилар ташиш ва инвестициялар ҳажмини ошириш учун транспорт қатнови тизимини тубдан яхшилаш;
- зиёрат туризми йўналиши бўйича туристлар оқимини ошириш учун авиакомпанияларни жалб этиш масаласини тезкорлик билан ҳал этиш, Индонезиядан мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш;
- туристларни жалб этиш мақсадида стратегик муҳим парвоз йўналишларини аниқлаш;
- республика аэропортларида янги йўналишларни йўлга қўйиш мақсадида хорижий авиаташувчилар учун чегирма ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш;
- мамлакатнинг айрим аэропортларида «очиқ осмон» тартибини жорий этиш;
- маҳаллий авиакомпанияларни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш;
- авиакомпаниялар харажатларини қисқартириш ва истеъмолчилар учун авиачипталар нархини мақбуллаштириш;
- вилоятлар орасида ички авиақатновлар сонини ошириш ва бошқалар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар