08:46 / 14.02.2019
8 039

Ўзбекистонда иккита янги университет пайдо бўлади

Ўзбекистонда иккита янги университет пайдо бўлади
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида Ўзбекистон Президентининг мамлакатда иккита янги университетни ташкил этиш ҳақидаги қарори эълон қилинди.

Тошкентда Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг (РКТУ) филиали, Андижонда эса Шарда-Ўзбекистон университети ташкил этилади.

РКТУнинг филиали ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилида бошлайди. Университет халқаро таълим стандартлари даражасида, ишлаб чиқариш-саноат тармоғида илмий-технологик масалаларни ҳал қила оладиган юқори малакали муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Филиалнинг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари тегишли жойларга камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан тақсимланадилар.

Андижонда ташкил этиладиган Шарда-Ўзбекистон университети ҳам ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилида бошлайди. Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари Шарда (Ҳиндистон) университети таълим дастурлари негизида барча даражадаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш ҳисобланади.

Ушбу университетда таълим Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари ҳисобга олинган ҳолда университет томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича амалга оширилади. Олий таълим муассасасининг таъсисчиларидан бири нотижорат таълим трасти “Sharda Educational Trust” (Ҳиндистон) ҳисобланади. Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, таъсисчи лойиҳанинг иқтисодий яшовчанлигига боғлиқ ҳолда университетнинг кўп мақсадли кампусини ривожлантириш учун 20 йил ичида 50 млн доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиши керак бўлади.

Университетда таълим асосан инглиз тилида ва заруратга кўра, ўзбек ва рус тилларида, кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт ҳамда юридик шахслар томонидан тақдим қилинадиган таълим грантлари ҳамда хайрия маблағлари асосида олиб борилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда иккита янги университет пайдо бўлади