Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюриши кутиляпти

  • 05 март 2019, 16:55
  • 1 427
  • Ўзбекистон
  • Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюриши кутиляпти
    Туркиянинг Тошкентдаги элчиси Меҳмет Сурейа Эр Туркия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йил тўлиши муносабати билан матбуот вакилларига баёнот берди.

    Элчи икки юрт ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишини кўзда тутган Протоколнинг 1992 йил 4 март куни имзолангани, бу санадан сўнг ўтган 27 йил мобайнида икки давлат муносабатларининг “Стратегик ҳамкорлик” даражасига эришиши иккала қардош мамлакат учун ҳам ифтихор манбаи эканини билдирди.

    Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 30 апрель куни Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон Олий Мажлисига мурожаатида ҳам ифода этганларидек, Ўзбекистоннинг 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигига яна бир бора эришиши худди ўзбек қардошларимиз сингари турк халқи учун ҳам буюк ифтихор манбаи бўлди. Кейинги жараёнларда турк Ҳукуматлари Ўзбекистоннинг кучайиб, ривожланишига хайрихоҳ бўла олиш учун бутун имконларини сафарбар қилдилар”, – дейди элчи.

    Орадан ўтган 27 йил мобайнида икки юрт ўртасида кўпгина соҳада юздан ортиқ битимлар имзоланганини ёдга олган элчи 1996 йилда имзоланган “Абадий дўстлик ва ҳамкорлик” Битимининг ҳозирги кунда ҳам ўз қадри ва мазмунини сақлаб қолганини, Битимнинг ўз номи билан, аслида абадий бўлмиш дўстликнинг аҳдномаси хусусиятига эга эканини айтиб ўтди.

    Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ҳақи икки юрт муносабатларининг “Стратегик ҳамкорлик” даражасига етишида муҳим роль ўйнаганини белгилаган элчи: “2017 йил октябрь ойида жаноб Ш.М.Мирзиёевнинг давлатимизга амалга оширган ташрифи ва муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифлари икки давлат муносабатлари жиҳатидан тарихий бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди” – деди.

    Бундан ташқари, у Ўзбекистоннинг 33 миллиондан ортиқ ёш ва динамик аҳолиси, бой табиий манбалари ва баракали замини ҳамда бошқа Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан чегараси бўлмиш ягона давлат экани хусусияти билан Марказий Осиёнинг юрагида стратегик аҳамиятга молик юрт эканини, президент Мирзиёевнинг узоқни кўра олиш қобилияти билан юритаётган етакчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳам ижобий таъсири билан Ўзбекистон минтақавий тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликнинг ўрнатилиши борасида ташлаётган бунёдкор қадамларнинг ҳам бизнинг давлатимизда, ҳам халқаро ҳамжамиятда яқиндан кузатиб борилаётганини билдирди.

    Президент Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тузилиши ҳақида келишиб олинган Стратегик ҳамкорлик олий кенгаши 1-йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Туркияга ташриф буюриши кўзда тутилаётганини билдирган элчи мазкур Олий кенгаш йиғилишининг Ўзбекистон билан кўпгина соҳада давом этиб келаётган ҳамкорликни стратегик шериклик истиқболи орқали чуқурлаштиришини, Туркиянинг инсонпарвар ва ташаббускор ташқи сиёсати мақсадлари доирасида Марказий Осиё ва унинг ташқарисида тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликнинг бардавом бўлишида Ўзбекистон билан яқиндан ишлашни давом эттиришини ифодалаб ўтди.

    » » Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюриши кутиляпти