Зилзила чоғида Тошкент аэропортига иккита самолётнинг қўниши кечиктирилди

  • 14 март 2019, 09:00
  • 2 133
  • Ўзбекистон
  • Зилзила чоғида Тошкент аэропортига иккита самолётнинг қўниши кечиктирилди
    13 мартдан 14 мартга ўтар кечаси соат 02:33 да Тошкентда тўсатдан, кучли ва тез рўй берган 4 баллик зилзила чоғида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига иккита самолёт қўнишга келаётган эди.

    Уларнинг биринчиси — FZ1941 рейс билан Дубай – Тошкент йўналиши бўйича учаётган “Fly Dubai” авиакомпаниясининг Boeing 737-8KN самолёти бўлса, иккинчиси “Uzbekistan airways” миллий авиакомпаниясининг HY514 рейс билан Сеул – Тошкент йўналиши бўйича учаётган Boeing 787-8 Dreamliner самолёти эди.

    “Новости ташкентского неба” авиаспоттерлар каналининг ёзишича, Тошкент халқаро аэропортининг Ҳаво ҳаракатларини бошқариш диспетчерлари томонидан ҳар икки самолёт зилзиладан сўнг кутиш зонасига айланиб туриш учун йўналтирилган. Бу чора Тошкент халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлагига кучли зилзила натижасида самолётларнинг хавфсиз қўниш имконига тўсқинлик қилувчи талафот етмаганига ишонч ҳосил қилиш учун қўлланилган.

    Тошкент яқинидаги осмонда бир неча дақиқа чарх уриб тургач, ҳар икки ҳаво кемаси эсон-омон Тошкент аэропортига қўнган.

    Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Эфиопияда юз берган авиаҳалокатдан сўнг жаҳоннинг кўплаб авиакомпаниялари Boeing 737 MAX 8 самолётларидан фойдаланишни вақтинча чеклашди. Жумладан, Ўзбекистонга худди шу типдаги самолётларда 11 март куни қатновларни бошлаган БАА лоукостери “Fly Dubay” ҳам мазкур самолётлардан фойдаланишни вақтинча чеклади.

    » » Зилзила чоғида Тошкент аэропортига иккита самолётнинг қўниши кечиктирилди