
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, адлия органи ННТ томонидан чет эллик шахслардан жами суммаси бир календарь йилда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача миқдордаги пул маблағлари ва мол-мулк олиниши назарда тутилган ҳужжатларни маълумот учун, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдордаги пул маблағлари ва мол-мулкни эса — келишиш учун қабул қилади.
Чет эллик шахслардан олиниши мўлжалланган пул маблағлари ва мол-мулк бўйича маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилиги учун ННТ раҳбари ёки у ваколат берган шахс жавобгар ҳисобланади.
Пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш учун ННТ тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органига мурожаатнома шаклига мувофиқ унда назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда олдиндан ёзма равишда ёки ўрнатилган тартибда электрон тарзда мурожаат қилади.
Бунда мурожаат пул маблағлари ва мол-мулк олиниши мўлжалланган санадан камида йигирма кун олдин йўлланиши зарур.
Агар чет эллик шахслардан ННТга маълум бўлмаган ҳолда унинг банкдаги ҳисобварағига пул маблағи киритилса ёки ННТга мол-мулк келиб тушса, бу ҳақда ННТ хабар топган ёки хабар топиши лозим бўлган кундан эътиборан уч кун ичида мурожаатнома шаклига мувофиқ унда назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда келишиш учун адлия органига мурожаат қилади.
Қуйидаги ҳолларда ННТга чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк ажратилиши:
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ажратиладиган пул маблағларининг миқдори ва мол-мулк аниқ кўрсатилганда;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида назарда тутилганда;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ташкил этилган республика комиссиялари ва кенгашларининг ҳужжатларида назарда тутилганда;
- давлат ташкилотлари ва ННТнинг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимларида назарда тутилганда;
- халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларига бош ташкилотлари томонидан пул маблағлари ва мол-мулк ажратилганда;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 ноябрдаги 251-сон қарори билан тасдиқланган Мурувват ёрдами юклари қабул қилиниши, ҳисобга олиниши, аниқ йўналтирилган тарзда тақсимланиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш тартиби ҳамда мурувват лойиҳалари мониторинги тўғрисида низомга мувофиқ мурувват (инсонпарварлик) ёрдами олинганда уларнинг олиниши адлия органлари билан келишишни талаб этмайди.
Мазкур бандда кўрсатилган асосларга кўра олинган пул маблағлари ва мол-мулк ҳақида уларнинг олинишидан камида уч иш куни олдин ННТ мурожаатнома шаклига мувофиқ маълумотлар ҳамда мурожаатномада назарда тутилган тегишли ҳужжатлар нусхаларини уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органига тақдим қилади.
ННТ томонидан чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш учун тақдим этилган ҳужжатлар адлия органи томонидан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида пул маблағлари ва мол-мулк олиниши билан боғлиқ ўзгаришлар бўлган тақдирда, ННТ бу ҳақда адлия органига бир кун ичида ўзгаришлар билан боғлиқ маълумотларни илова қилган ҳолда ёзма равишда хабар беради.
Чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олиниши бўйича адлия органи томонидан муддат кўрсатилган ҳолда ННТдан асослантирилган тарзда қўшимча ҳужжатлар сўралиши мумкин.
Адлия органи ННТ томонидан келишиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини, уларнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини ўрганади.
Адлия органи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этиш тўғрисида ННТни ёзма равишда ёки ўрнатилган тартибда электрон тарзда хабардор қилади.
Агар мазкур Низомда белгиланган муддатда адлия органи томонидан пул-маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш тўғрисида ННТга ёзма равишда ёки ўрнатилган тартибда электрон тарзда хабар берилмаса, уларнинг олиниши адлия органи билан келишилган деб ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш рад этилади:
- пул маблағлари ва мол-мулкни олиш Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштириш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса;
- пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш бўйича мурожаат мазкур Низомда белгиланган тартиб ва муддатга риоя қилинмаган ҳолда тақдим этилган бўлса;
- пул маблағлари ва мол-мулк олиниши қонун ҳужжатлари ва ННТ устави (низоми) талабларига зид бўлса;
- тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон маълумотлар кўрсатилган бўлса;
- адлия органи томонидан ННТдан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш юзасидан сўралган қўшимча ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим қилинмаса.
Пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш рад этилганда, ННТ рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиши ва адлия органига такроран мурожаат қилиши мумкин.
ННТ ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
Пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишишнинг рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулк ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган мақсад ва усулларга мувофиқ ишлатилиши шарт.
Чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулк қонун ҳужжатларига, ННТ уставида (низомида) ва тақдим этилган ҳужжатларда белгиланган мақсад ва усулларига мувофиқ ишлатилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс жавобгардир.
ННТ рўйхатдан ўтказувчи органнинг сўровига биноан чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланилиши юзасидан маълумотлар ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар