18:30 / 03.05.2019
3 143

Президент дронлардан ноқонуний фойдаланганларни озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент дронлардан ноқонуний фойдаланганларни озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади
Президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди. Ушбу қонун лойиҳасини 6 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган, 28 февралда Сенат маъқуллаган.

Қонунга кўра, Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилди.

Мазкур ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар олти ойдан сўнг кучга киради.

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган. Фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахсларгина дронлардан фойдаланиши мумкин.

2018 йил май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳлар томонидан учувчисиз учадиган қурилмалар, хусусан, дронларни олиб киришга вақтинча рухсат берилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент дронлардан ноқонуний фойдаланганларни озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади