10:50 / 11.05.2019
3 304

Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот сайтлари VPN’сиз ишлай бошлайди

Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот сайтлари VPN’сиз ишлай бошлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжоновнинг Фейсбукдаги саҳифасида агентликнинг расмий баёноти эълон қилинди.

«Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ЕХҲТ нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир томонидан эълон қилинган айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиқди», — дейилади баёнотда.

«Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди.

Бугундан эътиборан «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади», — дейилади агентлик баёнотида.

«Алоҳида эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайдилар. Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради.

Шу билан бирга, биз хориж оммавий ахборот воситалари, умуман журналистлар жамоасини журналист этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўраймиз», — дея мухтасар қилган К.Алламжонов баёнотни.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини айрим оммавий ахборот воситаларини блоклашни тўхтатишга чақирган эди.

Сўнгра К.Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг баёнотини билан танишиб чиққани ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиқишини маълум қилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот сайтлари VPN’сиз ишлай бошлайди