Шавкат Мирзиёев ДХШ тўғрисидаги қонунни имзолади

  • 11 май 2019, 14:12
  • 1 117
  • Ўзбекистон
  • Шавкат Мирзиёев ДХШ тўғрисидаги қонунни имзолади
    Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграм каналида хабар берилди.

    Қонунга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик бу давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги ҳисобланади.

    Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади.

    Қонун билан давлат-хусусий шериклик тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
    Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи (ташкилоти) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс томонидан ташаббус қилиниши мумкин.

    Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

    Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги керак.
    Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

    Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгар бўлади.

    Агар кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида хусусий шерикка нисбатан битимни тузиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.

    Ушбу қонун бир ойдан сўнг кучга киради.

    Фикрлар

    » » Шавкат Мирзиёев ДХШ тўғрисидаги қонунни имзолади