17:35 / 23.05.2019
3 684

«Буюк Келажак» эксперти Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этишни таклиф қилди

«Буюк Келажак» эксперти Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этишни таклиф қилди
Буюк Келажак" эксперти Нур Парпиев Ўзбекистонда икки фуқароликни жорий этиш таклифи билан чиқди. Унинг бу ҳақдаги мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди. Қуйида мақола тўлиқ ҳолда келтирилади.

Ўзбекистон ташқарисида жуда кўп ўзбекистонликлар истиқомат қилади. Уларнинг катта қисми хорижда доимий яшайди ва яшаётган давлатининг фуқаролигини олишган.

Ватанимиздаги ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, табиийки, хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳам диққат марказида. Ёнларида бошқа давлатнинг паспорти бўлса-да, улар Ўзбекистон паспортини асраб-авайлашади. Улар учун истаган пайтда оиласи ва қариндош уруғлари яшаётган мамлакатга бемалол, ҳеч қандай тақиқсиз бориб-келиши муҳим масала.

Ҳукумат эса хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар туғилиб-ўсган юртига эмин-эркин келиб-кетишлари учун имкониятлар яратяпти.

Жорий йилнинг 17 апрель куни ҳукумат томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш» тартиби тўғрисидаги низом яратилаётгани ана шундай имкониятлардан бири.

Ўзбекистонга бугун янги технологиялар, инвестициялар, ғоялар керак. АҚШ, Голландия, Германия, Австралия ва бошқа илғор давлатлар фуқаролигини олган, ўз бизнесига эга бўлаётган ўзбеклар бугун Ўзбекистонга тўсиқларсиз, қоғозбозликларсиз бориб, ўша ерда ҳам мамлакат ривожи учун далда бўладиган лойиҳаларини амалга оширишлари керак.

Агар Ўзбекистон ҳукумати икки фуқароликка рухсат берса, бошқа давлат фуқаролигини олган кўплаб ўзбекистонликлар мамлакат иқтисодига, ривожига катта ҳисса қўша олади.

Хорижда яшаб, ўша ерда ўзини тиклаб олиб, бизнесини яратган, ўзи ва яқинлари учун тўкин-сочин ҳаёт ва осуда шароит яратиб, бир неча юз одамни иш билан таъминлаган ватандошлар оз эмас.

Шундай бўлса ҳам, уларнинг ўй-хаёллари ватанда. Улар Ўзбекистонда ҳам ўз бизнесларини очишни, инсонларга фаровонлик келтиришни ўйлаб яшашади. Бунинг учун эса шунга яраша қонунлар ва қарорлар қабул қилиниши айни муддао.

Икки фуқаролик – бугун хорижда яшаётган жуда кўп ўзбекистонликлар учун долзарб мавзу.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача АҚШнинг “Green card” дастури ғолиби сифатида бу мамлакатга 100 мингдан зиёд ўзбекистонликлар кириб келган.

Уларнинг орасида АҚШ фуқаролигини олганлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. АҚШга қўшни Канадада ҳам минглаб ўзбекистонликлар “канадалик” бўлиб улгуришган. Европа мамлакатлари, Россия, Австралияда ҳам маҳаллий фуқароликни олиб, нафақа ёшига қараб кетаётган ўзбекистонликлар кўп.

Айни пайтда улар ўз тарихий ватани бўлган Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни тасаввур ҳам қила олмайди. Улар нафақага чиққач, Ўзбекистонга қайтиб бориб, ўзи туғилиб-ўсган жойларда умргузаронлик қилишни орзу қилишади.

Икки фуқаролик Ўзбекистонга нима беради?

АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда нафақага чиққан ўзбекистонликларда икки фуқаролик бўлса, улар Ўзбекистонга нима беради дерсиз?

Гап шундаки, АҚШ, Канада каби тараққий этган мамлакатлар фуқароларининг нафақасини, улар қайси мамлакатда бўлса, ўша давлатга етказиб беради. Ривожланган мамлакатлар фуқаролигини олган кўплаб муҳожирлар ўша мамлакатда нафақага чиқади. Уларнинг аксарияти нафақага чиққач, ўзи туғилиб-ўсган юртга чиқиб кетади. Улар ўз нафақаларини ватанида олиб, ўша ерда сарфлашади.

Ана энди тасаввур қилинг, чет элларда яшаб, ўша давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар юртига қайтиб, чет элдаги нафақасини Ўзбекистон банклари орқали олиб турса, мамлакат иқтисодига қанчалик далда бўлади?!

Ривожланган мамлакатлардаги нафақа миқдори эса, ишонинг, кам эмас...
Хорижда нафақага чиққан ўзбекистонликларни ватанга бемалол бориб келишлари учун Ўзбекистон ҳукумати шароит яратса, фойдадан холи бўлмайди.

Бугун тарих такрорланмоқда

Ўзбекистон ўзининг тарихий-меъморий обидалари, ажойиб иқлими ва географик жойлашуви билан дунёдаги ривожланган мамлакатлар диққатини тортмоқда.

Асрлар мобайнида бу юрт Буюк ипак йўлининг муҳим бўғини сифатида илм ва савдо аҳлининг, турли саркарда-ю буюк уламоларнинг қадами етган маскан бўлган. Бугун тарих яна такрорланмоқда.

Дунё аҳли мафтункор сайёҳлик йўналишига айланиб бораётган мамлакатни айни пайтда жаҳон илмий, маданий ва тарихий йўналишлари туташган энг жозибали нуқта деб аташмоқда.

Шундай экан, мамлакатда икки фуқароликка йўл очилса, унинг хориждаги ижобий имижи янада ошади, мамлакатга келаётган туристлар оқими янада кўпаяди ва бу сайёҳларнинг катта қисмини хорижда яшаётган ўзбекистонликларнинг ўзи ташкил қилади.

Чет элда доимий яшаётган ўзбекистонликлар ҳисобига ҳар йили туристик сармоянинг мўътадил оқими кириб келади.Сармояси бор ўзбекистонлик ватанига боргач, нима қилади? Албатта, у биринчи навбатда чиройли уй-жой қилади, яқинларининг яшаш шароитини яхшилайди, автомобиль олади, савдо-сотиқни йўлга қўяди, ўзи ва яқинларининг фарзандлари илм олишини кафолатлайди. Бундан ташқари, икки фуқаролик берилиши орқали янги солиқ турини йўлга қўйиш мумкин.

“Ўлсам, ўз ватанимга олиб бориб кўминглар”

Баъзилар икки фуқароликка рухсат берилиши Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятга салбий таъсир қилади, деб ўйлаши мумкин, бироқ АҚШ, Франция, Швейцария каби илғор ва ривожланган давлатлар тажрибаси бундай хавотирларнинг асоссиз эканини кўрсатмоқда.

Исроил тажрибасига кўра эса, икки фуқароликка эга ватандошлар қаерда бўлмасин, тарихий ватани фойдасини ўйлаб иш қилади, иккинчи ватанда юқори мартабаларга эришиб ҳам Исроил манфаатларини унутмайди.

Ўзбеклар азалдан юртини, туғилган ерини қадрлайди. “Ўлсам, ўз Ватанимга олиб бориб кўминглар”, дейишади хорижда ҳам.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Буюк келажак” экспертлар гуруҳининг аъзоси сифатида икки фуқаролик ҳақидаги ушбу таклифни ўртага ташлар эканман, таклифим Ўзбекистон тараққиётига ҳар томонлама фойда келтиришига аминман.

Нур Парпиев,
"Буюк Келажак" эксперти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Буюк Келажак» эксперти Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этишни таклиф қилди