date
views 2 622

Ўзбекистон - Афғонистон чегараолди савдо зонаси иш бошлади

Ўзбекистон - Афғонистон чегараолди савдо зонаси иш бошлади
Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўзбек-афғон бизнес форуми ўтказилди.

ЎзА’нинг ёзишича, форум доирасида дастлаб Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида ташкил этилган “Ўзбекистон – Афғонистон” чегараолди савдо зонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, чегараолди савдо зонасида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилди. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонлари хизматида. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” тамойили асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Билдирилишича, ўтган йили вилоятда Афғонистон капитали асосида умумий қиймати 7,3 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 6,6 миллион доллар миқдоридаги хориж инвестицияси жалб этилган.

2019-2020 йилларда афғонистонлик ишбилармонлар ҳамкорлигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тўғридан-тўғри инвестиция иштирокида умумий қиймати 30 миллион долларлик 14 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бермоқда. Йилнинг ўтган даврида ушбу давлатга Сурхондарё вилоятидан 17 миллион долларлик мева-сабзавот, тухум, ош тузи ва бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон - Афғонистон чегараолди савдо зонаси иш бошлади