15:40 / 31.05.2019
3 137

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил қилинади

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил қилинади
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш мақсадида, яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил қилинади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш йўналишида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, истеъмол товарлари сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш, аҳолининг ҳуқуқий истеъмол маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини, шу жумладан судларда ҳимоя қилиш ва бошқалар белгиланади.

Агентликка қуйидаги ваколатлар берилади:

Назорат харидини амалга ошириш - чакана савдо нуқталарида халқ истеъмоли товарларининг назорат харидини ўтказиш, қонун ҳужжатларига мослиги юзасидан экспертиза қилинишини ташкил қилиш;

Кўрсатма бериш - истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан кўрсатма бериш;

Текшириш ўтказиш - истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатини асословчи далиллар мавжуд бўлганда текширишлар ўтказиш;

Ҳужжатларни юбориш - қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши тўғрисидаги материалларни махсус рухсатнома (лицензия) берган ваколатли давлат органига тегишли чора кўриш учун юбориш;

Истеъмол бозорида нархларни ўрганиш - истеъмол бозорини, товарлар ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини ўзгариши таҳлил қилиш, нархларни барқарорлаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Реклама бозорини тартибга солиш - реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламани юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш.

Ташкил қилинаётган Агентлик истеъмолчиларга ўзларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда юқори даражада кўмаклашади, реклама бозорини тартибга солишда, шунингдек, истеъмол товарлари ва хизматлар бозорида сифат ва хавфсизликни таъминлашда ваколатли давлат органларининг ҳамда жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда янги агентлик ташкил қилинади