15:27 / 01.06.2019
4 454

Умумтаълим мактабларида янги тизим жорий этилади

Умумтаълим мактабларида янги тизим жорий этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг ягона электрон дастурий тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг ягона электрон дастурий тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминловчи “Электрон давомат” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.

Қуйидагилар “Электрон давомат” тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

умумтаълим мактаблари ўқувчилари дарсга ўз вақтида қатнашишини биометрик идентификация тизимлари ва бошқа усуллар ёрдамида мониторинг қилиб бориш;

ўқувчиларнинг таълим олишига кўмаклашиш ва таълим олиш жараёнига ўз вақтида иштирок этишини масофавий тарзда назорат қилиб бориш;

умумтаълим мактабларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш, улар орқали умумтаълим мактабларида таълим жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни олдини олиш;

вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси ва таълим олишлари учун жавобгарлиги бўйича қонунларда белгиланган нормаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга амалий асос яратиш;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ихтиёрий равишда фарзандларининг умумтаълим мактабларидаги давомати ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориш имкониятини яратиш.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази “Электрон давомат” ахборот тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади;

“Электрон давомат” тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

давлат-хусусий шериклик асосида умумтаълим мактабларида “Электрон давомат” тизимини жорий этишни назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқади;

2020 йил 1 сентябрга қадар «Электрон давомат» тизимини ишлаб чиқиб, Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларига давлат-хусусий шериклиги асосида синов тариқасида жорий этади;

2021 йил 1 сентябридан бошлаб «Электрон давомат» тизимини республикадаги барча умумтаълим мактабларида босқичма-босқич жорий этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўқувчиларни дарсда фаол иштирок этиш ҳамда уларнинг дарсга бўлган қизиқишларини янада орттириш мақсадида ўқувчиларнинг қизиқиш доирасидан келиб чиққан ҳолда қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Умумтаълим мактабларида янги тизим жорий этилади